Ижро интизоми қониқарлими?

18:00 - 09.09.2021

8

Бош прокуратурада Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича республика кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишда кенгаш аъзолари, Бош прокуратура, Мажбурий ижро бюроси, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, шунингдек, Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳудудий кенгашлар раислари ва аъзолари иштирок этди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича қилинган ишлар, муаммолар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди. Таъкидландики, ҳамкорликда жорий йилнинг январь-июль ойларида ижро ҳужжатлари асосида жами 13,7 трлн. сўм, шундан давлат фойдасига 5,6   трлн. сўм ундирилган. Ушбу маблағ ҳисобидан «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллашга 365 млрд. сўм йўналтирилган.

Йиғилишда ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши, айниқса алимент ундиришдаги камчиликлар, муаммолар кескин танқид қилинди. Бу борада кенгаш аъзолари, ҳокимликлар, МИБ ходимлари ва бошқа мутасаддиларнинг изоҳлари эшитилди. Шу билан бирга ҳужжатларни ижро этиш самарадорлигини ошириш борасидаги муаммоларнинг ечими юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Айниқса, фуқаролар ва тадбиркорларга компенсация ундириш, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал қилиш, алимент тўловчи ишсизларнинг бандлиги таъминлаш ва бошқа муҳим масалаларга эътиборни кучайтириш чоралари белгиланди. Тадбир якуни бўйича қарор қабул қилинди.