“Кампирўлди” ва “Қўтиркент”дан қутулдик…

10:30 - 08.09.2021

11

«Болалигимиз ўтган жой – Боғот тумани Қулонқорабоғ қишлоғидаги уйимиз жойлашган кўчани яқинда илк бор номлашибди: нақадар рамзий маъно – Садоқат…».

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Беруний Алимовнинг бу эътирози мени ўйлантириб қўйди. Кейинги йилларда топономика – маҳалла, қишлоқ, бошқа ҳудудларни номлаш, номақбул номларни ўзгартириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг баъзилари менда ҳам айрим фикр-мулоҳазалар туғдираётганди.

Тан олиш керак, яқин-яқингача номсиз кўчалар, рақамланмаган уйлар муаммоси ҳар ҳудуд, айниқса, ҳар қишлоқда учрар эди. Бундай муаммо сабаб кўп чалкашликлар, оворагарчиликлар юзага келар, вақт, асаб, меҳнат ҳавога учарди. Шу боис кўчаларнинг номи ва хонадонларнинг рақами аниқ бўлса, нур устига нур. Шундоғам бизда жойларга ном қўйиш борасида тилимиз ниҳоятда бой, халқимиз бу ишга синчковлик ва донишмандона руҳ билан қарагани аён. Бошқа давлатлардаги каби манзил-даҳаларни шунчаки рақамлаб қўя қолиш даражасида имконсиз эмасмиз. Аждодлардан мерос манзилларимизнинг отлари ҳам бизга боболардан мерос, мумтоз ва гўзал. Аксарият географик объектларимизнинг қадимий номларини синчиклаб кўрсангиз, у ўз тарихига эга экани, маъносида ҳудудда яшовчи аҳолининг ҳаёти, турмуши, орзу-умидлари мужассам эканига амин бўласиз. Айрим топонимларимизни эшитганда (гарчи ўша ҳудудда туғилмаган бўлсак-да) қалбимизга беихтиёр илиқлик югуради. Она юрт меҳрини ҳис этамиз. Бодомзор, Камолон, Марғилон, Ҳазорасп, Чуст, Кармана, Бахмал каби жой номлари қайси макон ва замонда янграмасин, юрт манзараси, бағрикенг халқ тафтини ифодалаб туради. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бу мумтоз номлар маънавий хазинамизга айланиб улгургандир…

Аммо, очиқ айтиш керакки, баъзи географик объектларнинг номланишиёқ бу борада ислоҳот зарурлигини англатади. Яъни айтилишидан одамларга бироз ноқулайлик туғдирадиган, алмаштиришни тақозо этадиган топонимлар ҳам йўқ эмас.

– Қишлоғимиз Қўтиркент, қўшни қишлоқ эса Кампирўлди деб аталарди, – дей­ди Самарқанд вилояти Пайариқ туманидан З.Ҳайитова. – Қаердансиз дейишса, қишлоғимиз номини айтишга уялардик. Тўғри, бу номлар ҳам қандайдир тарихий аҳамиятга эгадир, аммо шу ҳолда қолса, аҳоли учун ноқулайлик туғдириши аниқ эди. Бундан ташқари, фарзандлар жой номларидан уялиши эмас, аксинча, фахрланиши керак. Шу боис биз мутасаддиларга қишлоғимиз номини ўзгартириш бўйича мурожаат қилдик. Натижада Қўтиркентимиз Янгиҳаёт деб ўзгартирилди. Бу ном барчага маъқул келди. Дарвоқе, кампирўлдиликлар ҳам айни пайт­да Машъалданмиз деб манзилини ҳеч тортинмасдан айтадиган бўлишди.

Ўзбекистонимизда бир қатор географик объектларга янги ном берилаётир. Юқоридаги каби номлардан воз кечилиб, замонавий, маъноли топонимларга алмаштирилмоқда. Бу албатта таҳсинга сазовор. Аммо ном танлашда ҳудудларнинг тарихи, иқлими, шу ерлик одамларнинг ҳаёт тарзи каби қатор омилларни инобатга олиш билан бирга, ўта эҳтиёткорона иш тутиш ҳам керак. Чунки айрим ҳудудларнинг тарихини ортмоқлаб келаётган қимматли топонимларни шунчаки талаффузи ғализлиги учун олиб ташлаб бўлмайди. Ўрнига Маданият, Янгиобод, Маънавият, Бунёдкор, Садоқат каби умумий номлар билан ёппасига номлаш эса вазиятни чигаллаштиради. Чунки бундай ҳолларда тарихий илдизларимизга болта урган бўламиз. Аждодларимиз қўйиб кетган, тилдан-тилга ўтиб, маънавий меросимизнинг бир бўлагига айланган жой номларини ўзгартиришда шошма-шошарлик ярамайди. Аксинча, чуқур изланиб, шу ном қандай маъно англатишининг тагига етиш, нега шундай номланганини тушуниш керак. Зеро, тарихи неча минг йилларга бориб тақаладиган ватанимиз шаҳарлари, маҳаллалари, қишлоғу овуллари шунчаки номланмаган. 

– Бир умр иқтисодчи бўлиб ишладим. Аммо тарихсиз келажак йўқлигини яхши англайман, – дейди Фурқат туманидаги Чирикай маҳалласи раиси Зоҳиржон Каримов. – Бизнинг маҳалламиз номини ҳам вилоят ва Тошкентдан келган бир гуруҳ «мутахассис»лар ўзгартирмоқчи бўлди. Уларнинг айтишича, чирикай маҳаллий пашшанинг номи эмиш. Ўрнига умумий бирор ном қўйиш таклиф қилинди.

«Мутахассис»ларга бу ҳеч бир ҳашорат эмаслигини исботлагунча она сутимиз оғзимиздан келди. Қўқондаги музейда уч кун изланиб, маҳалламиз тарихда Чоркосон – эгар тагига ёзиладиган қалин, брезентга ўхшаш мато номи билан аталгани, кейинчалик талаффузда Чирикай бўлиб кетганини исботлаб бердим. Ота-боболаримиз ана шу касб орқали тирикчилик қилишган. Кейин «мутахассис»лар ҳудудимиздаги 200 йиллик Ўпкалиота қабрис­тони номини ўзгартиришга бел боғлашди. Шукурки, бунинг ҳам тарихий номини аслича сақлаб қолдик. Зиёлиларимиз қабристоннинг тўғри номи Ўпчилли, яъни совути билан бирга кўмилган зот деган маънони англатишини исботлашди.

Дарҳақиқат, жой номлари чуқур илмий, сиёсий, амалий ва тарбиявий аҳамиятга эга. Бундай атамаларда шунчаки тарих эмас, халқимиз маънавияти ва маърифати ҳам уфуриб туради. Шундай экан, жой номларини ўзгартириш, қайта номлаш ёки янги даҳаларни бунёд этаётганда ҳеч биримиз масъулият, ҳурмат ҳиссини йўқотмаслигимиз керак. Қадимий топонимларимизни эса бир дурдона каби авайлашимиз шарт.