Лабораторияси йўқ, антисанитар ҳолатдаги бозорлар

12:30 - 07.09.2021

10

Бугунги кунда бозорларимизда аҳвол қандай? Уларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиляптими? Савдо-сотиқ учун етарли шароитлар яратилганми? Қонун талабларига риоя қилиняптими? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида прокуратура органлари томонидан тегишли тартибда назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Хоразм вилоятидаги 18 та деҳқон бозори аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Вилоят прокуратураси органлари томонидан бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тўғри ташкил этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш ва савдо қилиш шароитларини яхшилаш ҳамда қонунчиликка риоя этилиши устидан прокурор назорати ўрнатилган. Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари аҳволи ўрганилганда, айрим қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, “Урганч марказий деҳқон бозори” АЖда жами 2322 дона турғун савдо растаси бўлиб, ушбу савдо расталарига сотувчи ва харидорлар ўртасида полиэтилен ҳимоя тўсиғи тўлиқ ўрнатилмаган, расталар белгиланган тартибда рақамланмаган. Бозор ҳудудида расталардан ташқари йўлакларда ҳам маҳсулотлар жойлаштирилиб, ноқулайликларга сабаб бўлмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун мўлжалланган расталарда ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши кузатилмоқда.

“Хива деҳқон бозори” МЧЖда эса бозор фаолияти мослаштирилмаган жойда ташкил қилинган. Бозор ҳудудида ҳар куни ободонлаштириш ишлари ўтказилмаяпти. Чиқиндиларни йиғиш учун махсус жойлар ташкил қилинмаган. Ёмғир ва сувлар оқиб кетувчи ирригация тармоқлари йўқ. Ветеринария лабораторияси йўқ. Гўшт маҳсулотлари ўралмаган ва совутгичсиз очиқ ҳолда сотилмоқда.

Шу каби, бошқа деҳқон бозорларида ҳам санитария меъёрлари ва қоидаларига риоя қилинмаганлиги аниқланди. Ўрганиш натижаларига кўра бозорлар ҳудудини ободонлаштириш ва санитария ҳолатларини яхшилашга доир “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида бир марталик йиғимлар ва ижара тўловларининг тўлиқ ундирилмаслик ҳолатлари ҳам аниқланди. Айтайлик, “Ҳазорасп деҳқон бозори” МЧЖ томонидан автомобилларни вақтинча сақлаш майдонига қўйилган автомашинага кўрсатилган хизмат учун олинган 2 минг сўмга харид чеки берилмаган ва шу куни хизмат кўрсатишдан тушган 111 минг сўм нақд пуллар онлайн назорат-касса машинасига кирим қилинмаган. Пластик карталар орқали тўлов ундириш учун тўлов терминаллари ўрнатилмаган. Жамиятда бозор ҳудудида банк тизими орқали бир марталик йиғим ва ижара тўловлари ундирилишини автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиш тизими жорий қилинмаган. Аниқланган шу ва бошқа ҳолатлар юзасидан ИЖҚК департаменти Ҳазорасп тумани бўлими томонидан терговга қадар текширувлари олиб борилмоқда.

Умуман, вилоят прокуратураси органлари томонидан бозорларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 13 та тақдимнома киритилди, 13 нафар масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилди, масъул шахсларга нисбатан 63 та огоҳлантирув эълон қилинди.