Муассасамиз — Ўзбекистон ОТМлари орасида биринчи!

16:00 - 07.09.2021

6

Янги Ўзбекистон ғояси йўлида тинмай изланишлар олиб борилаётган айни пайтда юридик соҳа ривожида ҳамда Тошкент давлат юридик университети талаба-ёшларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бевосита янгилик ва ўзгаришлар қилинмоқда. Жумладан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб  ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали,  тўлов-контракт асосида талабаликка, “юриспруденция” йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчилар ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида қабул қилиниши белгиланди. Талабаларнинг билими ва касбий кўникмаларини такомиллаштириш учун амалий машғулотлар ҳажми оширилди. Университет талабаларининг билимини ошириш, иқтидорини юксалтириш мақсадида хорижий давлатларнинг бир қатор нуфузли университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, университетда турли клублар ташкил этилиб, ушбу клубларнинг фаолияти талаба-ёшларнинг иқтидорини янада ривожлантиришга ёрдам бермоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг талаба-ёшлар ҳаётидаги ўрни борасида ТДЮУ 2021 йил битирувчилари ўз фикрларини билдиришди:

Шавкат Сайфуллаев:  Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташкилотлар ва давлат органлари билан бўладиган ҳар бир учрашувларида битирувчи талаба-ёшлар, албатта, иш билан таъминланиши, уларга ўз мутахассисликлари доирасида иш бошлаши учун бўш иш ўринлари яратилиши лозимлигини таъкидлайдилар. Шу мақсадда университетимизда турли ҳуқуқий ташкилот вакиллари билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ТДЮУ проректори Аҳрорхон Хашимхонов, Бош прокуратура кадрлар бошқармаси прокурорлари, бакалавриат ва магистратура босқичи битирувчилари иштирок этди. Учрашувда битирувчиларнинг прокуратура органларига ишга жойлашиш масаласидаги саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилди.

Бу каби учрашувлардан сўнг ташкилотлардан, давлат органларидан ишга таклифлар келиб тушяпти. Бу — биз ёшларга берилаётган кенг имкониятлардан бири деб ҳисоблайман.

Суюнбек Содиқов: Жорий йилнинг апрель ойида Буюк Британиянинг олий таълим соҳасига оид муҳим масалаларни ёритувчи ва университетлар фаолиятини баҳолаб борувчи TIMES HIGHER EDUCATION ташкилоти ўзининг навбатдаги The Impact Ranking рейтинги натижаларини эълон қилди. Ушбу рейтингда Тошкент давлат юридик университети 94 та давлатдан қатнашган минглаб университетлар орасида 401-ўринни эгаллагани университетда яқин йиллар давомида қилинган катта меҳнатнинг самараси десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу рейтингда қатнашган Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари орасида Тошкент давлат юридик университетининг биринчи ўринни эгаллаши бизларга фахр туйғусини берди.

Университетимизда ўқув ва амалий тўгараклар доимий ташкил этиб борилади. Буларга мисол қилиб “Адлия талабалар клуби”ни келтирсак бўлади. Клуб “юрис­пруденсия” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлайдиган олий таълим муассасалари талабаларига ўқишдан бўш пайтларида адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганиш имконини яратиб беради. Талаба сифатида ушбу клубда олган назарий ва амалий билимларим бугунги кунда Адлия вазирлиги тизимида олиб бораётган меҳнат фаолиятимда асқотмоқда.

Мафтуна Қаршиева: Ўқув даргоҳимизда талаба-ёшларга ўз маҳоратини ошириш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, университет кутубхонаси маъмурияти томонидан доимий равишда ташкиллаштириб келинаётган “Зукко китобхон” танлови талабаларда китобга бўлган меҳрни янада кучайтиради. Кутубхонадан мунтазам равишда фойдаланиб, ҳар соҳада ўз билимини кенгайтирган фаол талабаларни фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш йўлга қўйилган. Бу ўз навбатида талабалардаги билим олиш иштиёқини янада оширади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мус­таҳкам маънавий иммунитетли, ўзининг фикрларини равон айта оладиган, мамлакатимиз равнақини оширишда юқори марраларга эришувчан авлодни тарбиялаш учун нафақат ота-она, балки жамиятимиздаги ҳар бир шахс масъулдир.