Арзонлаштирилган расталардан одамлар мамнун

10:30 - 07.09.2021

7

Урганч шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилди. Бу ерда вилоятнинг барча туманлари учун алоҳида расталар ажратилган бўлиб, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар она заминимизда етиштирилган маҳсулотларини сотмоқда.

Ярмаркаларда «даладан дастурхонга» тамойили асосида аҳолига қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳсулотларнинг узлуксизлигини таъминлаш учун бозорга таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари бириктирилган. Нархларнинг сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик учун кунлик назорат олиб борилмоқда.

– Ярмаркада Қўшкўпир туманидан ҳам фермерлар мева, сабзавот, гуруч, тарвуз, қовоқни харидорларга тақдим этишмоқда. Айниқса, сут, қатиқ, қаймоқ, пишлоқ, йогуртларимиз нафақат юртдошларимизга, балки ярмаркага келган хорижлик меҳмонларга ҳам манзур бўлмоқда, – дейди қўшкўпирлик фермер Бахтиёр Қувоқов.

Ярмаркаларда 27 турдаги маҳсулот савдога қўйилган.

Деҳқон бозорларида ташкил қилинган 68 та раста орқали 159 тонна мол гўшти, 1,4 тонна қўй гўшти, 296 тонна картошка, 306 тонна сабзи ва 828 тонна бошқа озиқ-овқатларнинг сотилиши   таъминланди. Нархларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида картошка, пиёз, сабзи, карам, гўшт, тухум ва гуруч ишлаб чиқарувчилар нархида интервенция қилинди. Ярмаркалар бўйича департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан дислокация режаси ишлаб чиқилган.

– Бугун дугоналарим билан ярмаркага келдик. Бундай ярмаркаларда мактаб бозорининг ташкил этилгани яхши бўлибди. Янги ўқув йили учун керакли нарсаларни ҳам шу ернинг ўзида харид қилдик. Концерт кўриб, хурсанд бўлдик. Ўзбек ва турк­ман халқининг миллий урф-одатлари, қадриятлари ўхшаш. Дўстлигимиз абадий бўлсин. Истиқлол айёми муборак бўлсин, – дейди Урганч давлат университетининг талабаси, туркманистонлик Бика Давлатгалдиева.

– Бугунги ярмаркага ҳиндистонлик, туркманистонлик дўстларим билан келдик. Бу ердан олма, анжир, нок, узум ва қовун-тарвуз олдим. Ўзбекистоннинг мевалари жуда ширин экан. Бизга таомларингиз, бозорлар тўкинлиги, ўзбекона меҳмондўстлик жуда ёқди, – дейди покистонлик Абдураҳмон.