Маҳаллалар жиноятдан холи бўлиб бормоқда

13:00 - 06.09.2021

10

Бугун Мўйноқ туманидаги 12 та фуқаролар йиғини ҳудудида 5057 та хонадон бор. Туман прокуратураси томонидан ушбу хонадонларда яшаётган кишиларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини бартараф этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, туманда «аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган 380 нафар аёл киритилган бўлиб, 2021 йилнинг 1 июнигача 234 нафарининг бандлиги таъминланди, 28 нафари ҳунарга ўқитилди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 10 нафар аёлга банкдан 140 млн. сўм кредит ажратилди.

Йил бошидан бери масъул идоралар билан ҳамкорликда ёлғиз ва боқувчисини йўқотган 31 аёлга 33 млн. 75 минг сўм, 28 нафар ногирон аёлга 22 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Бир аёлнинг уйи таъмирланиб, тиббий ёрдамга муҳтож 15 аёлга 11 млн. сўм молиявий ёрдам кўрсатилди, 19 нафарига 14 млн. 250 минг сўмлик эчки берилди.

Ўзини ўзи банд қилиши учун 18 нафар аёлга 8 млн. сўмлик электр печлар, 17 нафарига 52 млн. сўмлик тикув машиналари, 22 нафарига эса 24 млн. сўмлик парранда олиб берилди.

Бундан ташқари, 12 кишининг бандлигини таъминлаш мақсадида товуқ фермаси янгидан қурилмоқда. Қозоқдарё овулида эса 4 қизнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 73,6 млн. сўмлик гўзаллик салони қуриб берилди.

«Аёллар дафтари»даги хотин-қизларга кўрсатилган ёрдамга қўшимча равишда ўз томорқасидан самарали фойдаланиб даромад топиш истагини билдирган 86 аёлга БМТ ва Ўзбекистон ҳукуматининг ҳамкорликдаги дастури доирасида иссиқхоналар топширилди.

Шунга ўхшаш тадбирлар натижасида июнь ойида 342 киши халқ депутатлари туман кенгашининг қарори билан «аёллар дафтари»дан чиқарилишига эришилди.

Бу каби ишларнинг давоми сифатида бошқа идоралар билан ҳамкорликда «Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман» шиори остида «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» режасида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, натижаси бўйича маҳалла фаоллари ва фуқароларни рағбатлантиришни мақсад қилганмиз.

Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш ва тўғри овқатланишни тарғиб қилиш, «Неварамга айтар сўзим бор», «Ҳамжиҳатлик бор жойда жиноятга ўрин йўқ!» мавзуларида тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича ишлар давом этмоқда.