Ҳокимият мансабдори ва оқсоқол тил бириктирди

16:30 - 31.08.2021

6

Бугунги кунда “уй олиб бераман”, “ишга киритиб қўяман”, “Газ, электр таъминоти қарздорлигини йўқ қилиб бераман”, “ер олишда ёрдам бераман” деб одамларни алдаб, кўпчиликни чув тушираётган фирибгарлар ҳам орамизда учраб турибди.

Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ана шундай жиноий ҳаракатнинг олди олинди. 

Урганч тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари С.Р. юқори лавозимда ишлаб келаётганлигидан фойдаланиб, ўз ваколати доирасида ечим топиши керак бўлган ишни озонгина пулламоқчи бўлди. Ушбу шахс тумандаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ш.Н. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Урганч тумани, Юқорибоғ қишлоғида яшовчи фуқаро Н.О.дан 6 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 10 миллион сўм талаб қилишган.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари С.Р. ҳамда маҳалла раиси Ш.Н.лар фуқаро Н.О.дан бўнак сифатида 5 миллион сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Порахўрликни, фирибгарликни касб қилган ҳеч бир шахс жазосиз қолиб кетмайди. Бундай қилмиш эртами-кечми барибир фош бўлиши аниқ.