Бирови ўқишга, бошқаси ишга жойламоқчи эди…

14:30 - 31.08.2021

9

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Президентнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини аҳоли ва кенг жамоатчиликка тушунтириш борасида 2021 йилнинг 1-ярми давомида 454 та тарғибот тадбири ўтказилди.

Бироқ, минг афсуски, олиб борилаётган бундай изчил тарғибот тадбирларига қарамасдан айрим шахслар томонидан коррупцияга қўл уриш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ушбу даврда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган тезкор тадбир натижасида 45 та қонунбузарлик ҳолати фош этилиб, барчаси бўйича жиноят ишлари қўзғатилди.Жумладан, Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси Қарши шаҳар прокуратураси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти бош аудитори Р.Б. танишлари орқали фуқаро Б.З.ни Абу Али ибн Сино номидаги Қарши жамоат саломатлиги техникумига қўшимча шартнома асосида ўқишга киритиб қўйиш эвазига ундан 700 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Касби туманида яшовчи фуқаро П.Ш. мансабдор танишлари орқали фуқаро Х.Н.нинг ўғлини Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси идораларига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 2000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.