Ночор аёллар сони 10 минг 402 нафарга қисқарди

16:30 - 30.08.2021

6

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан олиб борилаётган назорат тадбирларида асосий эътибор аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш каби долзарб масалаларга оид қонун ҳужжатларининг ижросига  қаратилди.

Бу борада ўтказилган текширишлар натижасида 1284 та ҳужжатга нисбатан протест келтирилди, 365 та тақдимнома киритилди. Прокурорларнинг қарор ва тақдимномаларига асосан 843 нафар шахс интизомий ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилди. 32 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилди. Натижада 3829 нафар  фуқаронинг ҳуқуқлари  тикланди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида прокуратура ораганлари ходимлари томонидан ўз фаолиятини тўхтатган ёки фаолият кўрсатмаётган 700 нафардан ортиқ тадбиркор билан жойларда бевосита учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммолари пухта ўрганилди. 272 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланиб, 677 та  янги  иш  ўрни  яратилиши ана шу саъй-ҳаракатлар самараси. Тадбиркорлар ҳуқуқлари бузилишига олиб келадиган 42 та ноқонуний қарор бекор қилинди. Бу борада 98 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, 29 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка  тортилди. Бу эса шаҳар ва овулларимизда ишбилармонлик муҳитининг кенг қанот ёйишини таъминлайди, албатта.

Албатта, халқнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида фикр юритар эканмиз, бу борада соғлиқни сақлашга оид қонунчилик ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиш ўринли. Яъни, прокуратура органлари томонидан ушбу йўналиш юзасидан бугунга қадар 16 та текшириш ўтказилиб, 34 нафар шахс интизомий ва 13 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Етказилган зарарларнинг ихтиёрий қопланиши билан 1199 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди.

“Аёллар дафтари”га киритилганлар билан бирма-бир мулоқот қилиш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш, таклиф ва қизиқишларини ўрганиш бўйича манзилли ишлар ҳақида алоҳида таъқидлаш жоиз. Кўрсатилган ёрдамлар натижасида бугунги кунда 10 402 нафар хотин-қизлар «Аёллар дафтар»идан чиқарилди.