Прокуратура ибратли ташаббус билан чиқди

14:30 - 30.08.2021

16

Қува тумани прокуратураси бир ибратли ташаббус билан чиқди. 20 нафар чин етим ўқувчи болалар ва уларни васийликка олган қариндошлари прокуратурага таклиф этилди. Турли ёшдаги болаларга мактаб формаси ва ўқув қуроллари топширилди. Улар ходимларнинг иш фаолияти билан таништирилди. Тадбир давомида туман ҳокими Халимжон Умаров халқимизнинг болажонлиги, иккинчи жаҳон уруши йиллари юртимизга эвакуация қилинган 580 минг нафардан зиёд болаларни ўзбек оилалари бағрига олганини, бугунги кунда давлатимиз томонидан ўқувчи-ёшларнинг мукаммал билим олишларига алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.

– Опа-укани олиб келдим, – дейди “Дехқонобод” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари Дилфузахон Юнусова. – Моҳирахон ўн беш яшар, укаси Ботиржон ўн бир ёшга кирган. Дадаси автоҳалокатда вафот этгач, онаси ҳам бевақт оламдан ўтди.  Бугунги тадбир ташкилотчиларидан миннатдормиз. Меҳр-эътиборни ҳис этган болаларнинг кўнгиллари  ўсди.                                                         

– Одинахон менга ўзим қизимдай бўлиб қолган, -дейди Янгичек маҳалласида яшовчи Гулчеҳрахон Мадазимова. – Уч ойлигида васийликка олганман. Эсини таниб қолди, 4-синфда ўқийди. Баъзан берган саволлари довдиратиб қўяди. Етимлигини билдирмасликка уринаман, ўксинмасдан ўйнаб-кулиб ўсиб-улғайсин, дейман.  

– Куёвим кетиб қолгач, қизимнинг фарзандига ўғлим ўз боласидай меҳр қўйди, – суҳбатга қўшилади “Тошкент” маҳлласидан Ширмонхон опа Олтмишева. –  Етимлигини ўзига билдирмасдан улғайтирдик. Ҳозир йигирма бир ёшда. Яқинда у ҳамма гапдан хабар топди. Кап-катта йигит, отам қаерда, деб йиғлади. Етимлик оғир, бу юк инсонни ҳар доим азоблайди. Шунинг учун ажрашишдан олдин болаларнинг тақдирини теранроқ ўйлаш керак. 

Ушбу тадбирда танишган васийлар паноҳларига олган етим болаларни ўз фарзандларидай тарбиялашаётгани халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибатнинг яна бир  ифодасидир.