“Селфи”ларда акс этаётган беҳаёлик

13:00 - 29.08.2021

13

Бугунги кунда смартфон ва интернет оламига бегона бўлмаганлар луғатидан “селфи” сўзи мустаҳкам ўрин олиб улгурди. Сўровлардан маълум бўлишича, 18 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар томонидан олинган фотосуратларнинг 30 фоизидан ошиғи селфилар экан.

Бугунги тезкор ахборот асрида бировга таҳдид қилиш, шаънини булғаш, фуқаронинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни тарқатиш одатга айланиб бормоқда. Бу ҳолатларда айнан “селфи”лар товламачи ва ғаламисларга қўл келаяпти. Ор-номусдан йироқлашган баъзи кимсалар эса ўзини ялонғоч ҳолатини ёки ишқий муносабат пайтини “селфи” қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Ҳатто, турмушга чиқмаган қизларнинг ёқтирган йигитларига ички кийимда ёки кийимсиз “селфи”га тушиб, ижтимоий тармоқлар орқали жўнатиш ҳолатларига тез-тез гувоҳ бўлаяпмиз. Бундай муносабат икки ошиқ ўртасида сирлигича қолса майлику-я, аммо бу каби айрим ҳолатлар вақт ўтиши билан ҳуқуқ-тартибот идораларининг аралашуви билан якун топаяпти. Оқибатда беҳаё “селфи” эгаси яқинлари орасида шарманда бўлмоқда.   

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида аёл ўзи билан ишқий муносабатда бўлган эркакни шарманда қилиш билан қўрқитган. Аниқланишича, Г. исмли аёл Б. исмли оилали эркак ишқий муносабатларини селфи тариқасида суратга ва видеога олишни одат қилишган. Вақт ўтиши билан ораларига совуқчилик тушган. Шундан сўнг аёл эркакка сурат ва видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборишини айтган ва 85 млн. сўм талаб қилган. Ноиложликдан Б. тегишли жойга ариза ёзади. Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда товламачи аёл Б.дан 10 млн. сўм олган вақтида ушланган.