Ота-онасиз, тан олинмаган ёки туғилгани исботланмаган болалар…

14:30 - 27.08.2021

14

Наманган вилояти прокуратураси ташаббуси билан ҳудудда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлмаган вояга етмаганларнинг гувоҳнома олмаганлик сабаблари ва уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий аҳволи таҳлил этилди ва бу муаммоларга ижобий ечим топилди.

Таҳлилларга кўра, вилоятда истиқомат қилиб келаётган 109 нафар вояга етмаган турли сабабларга кўра гувоҳнома олмаган. Улардан 49 нафари туғуруқхоналарда туғилмаган. Чет давлатларда дунёга келган 16 нафар боланинг оналари республикамиздаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўлимларига тиббий маълумотнома тақдим этмаган. Шу боис онадан туғилганлик факти аниқланмаган. 5 нафарини ота-онаси ташлаб кетган, 17 нафарининг ота-онаси фуқаролик паспортини йўқотиб қўйган. 11 нафарига гувоҳнома олиш учун белгиланган давлат божи тўланмаган, 2 нафарининг отаси оталикни тан олмаган, 16 нафари бошқа сабабларга кўра гувоҳнома олмаган. Улар орасида 1, 3, 9, 14, 16, ҳатто 18 ёшлилари ҳам бор.

Ушбу вояга етмаган болаларнинг ота-оналари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлишига қарамай, оналик фактини суд орқали белгилаш, “Одам ДНКсининг суд биологик экспертизаси”ни ўтказиш, чет давлатлар тиббиёт муассасалари ёки васийлик ва ҳомийлик органлари хулосасини олиш зарурати ҳамда бошқа муаммолар туфайли бир неча йиллар давомида гувоҳнома ололмай, сарсон бўлишган. Табиийки, болалар гувоҳномага эга бўлмаганлиги натижасида қатор ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқларидан, жумладан, таълим олиш, нафақа олиш, ишга жойлашиш, паспорт олиш, келгусида сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишдан мосуво бўлаёзган.

Прокуратура органлари олдида уларнинг ҳуқуқларини тиклаш масаласи турарди.

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан 2021 йил 16 мартда вилоят прокуратураси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, вилоят Халқ таълими бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ўртасида қўшма қарор имзоланди. Унга кўра, дастлаб вилоятда истиқомат қилиб келаётган гувоҳномага эга бўлмаган вояга етмаганлар рўйхати тасдиқланди.

Қўшма қарор ижроси доирасида масъул ташкилотлар томонидан 4 ой мобайнида ушбу вояга етмаганларнинг гувоҳнома олишлари учун жами 213 та амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 46 та “Одам ДНКнинг суд-биологик экспертизаси” тайинланди. Фуқаролик судларига онадан туғилганлик фактини ва вақтини белгилаш юзасидан 18 та ариза киритилди. Шунингдек, 22 та архивга, 32 та туғуруқхонага, 7 та чет давлат идораларига сўровнома юборилди. Гувоҳнома олиш учун белгиланган давлат божлари ҳомийлар кўмагида тўлаб берилди. Натижада ҳозирги кунга қадар 55 нафар вояга етмаганга гувоҳнома расмийлаштириб берилди.