Хато ва камчиликлар танқид қилинди

16:00 - 26.08.2021

9

Жорий йилнинг 23 август куни Бош прокурор раҳбарлигида Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди.

Унда прокуратура органларининг жорий йилнинг ўтган даврида мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолияти натижалари ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюросининг масъул ходимлари иштирок этди.

Ҳайъат йиғилишида прокуратура органларида мурожаатларни кўриб чиқиш, соҳада қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳудудлар кесимида, аниқ рақам ҳамда мисоллар асосида кўриб чиқилди.

Шунингдек, мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини янада яхшилашга қаратилган ҳудудлар кесимида комплекс чора-тадбирларни белгиловчи «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Йиғилишда, вилоят, туман (шаҳар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, Департамент ва Бюро раҳбарларининг ҳисоботлари, тушунтириш ва изоҳлари эшитилиб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, мурожаатларни тўлиқ ва сифатли ўрганиб, уларда кўтарилган масалаларни ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, бу борада барча поғонадаги раҳбарларнинг масъулиятини кескин кучайтириш бўйича вазифалар белгиланди.  

Жисмоний ва юридик шахсларнинг қабулини жадаллаштириш, прокуратура ва бошқа мутасадди идоралар томонидан мурожаатларнинг қонунда белгиланган тартибда ҳал этилишини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.