Нопоклар қуроли

10:30 - 26.08.2021

8

Заҳарланишлар тарихи ва ҳукмдорларнинг сирли ўлими ҳақида

Заҳарланишлар тарихи, ҳукмдорларнинг сирли ўлимлари ҳамда муаммоларни ҳал қилишнинг қи йин ва хавфли бўлган бундай усули инсониятни нима учун бугунги кунда ҳам таъқиб қилаётгани ҳақида ёзувчи ва публицист, АСТ нашриётида чоп этилган “Заҳарлар. Тўлиқ тарих. Мишяк (маргимуш)дан “Новичокгача” китоби муаллифи Кирилл Привалов сўз юритади.

Давоми. Бошланиши ўтган сонда

Пётр I нинг тақдири

— Шундай бўлса-да, агар биз юқори ҳокимият вакиллари ҳаётидаги амалга оширилган муваффақиятли суиқасдлар статистикасини оладиган бўлсак, Россияда заҳарлаш унчалик машҳур эмасдек туюлади. Маълумки, Александр II портлашдан ҳалок бўлган , унинг бобоси Павел I эса бўғиб ўлдирилган.

— Бу ерда калит сўз — “кўринади”. Масалан Буюк Пётрнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатларни олсак, улар кўпроқ сирли эканлиги кўринади. Расмий тахминларга кўра, шоҳ саёзликка тиқилиб қолган,
аскарлар билан тўла қайиқни чиқариш учун музлаган сувга
белигача тушиб, шамоллаган. Қарабсизки, умрининг сўнгги
йилларида шоҳга маҳкам илашган сурункали цистит кескин кучайиб, охир-оқибат уни қабрга олиб кетди.

Бироқ ўзи учун ҳалокатли бўлган 1725 йил январь ойининг биринчи ярмида Пётр ўлишни хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Шунчаки, 16 январь куни тўсатдан ва ҳеч бир сабабларсиз унинг тоби қочади, титроқ пайдо бўлиб, иситмаси кўтарилади, алаҳсираш бошланади. Бир кун олдин эса Пётр Алексеевични ўта мазали конфетлар билан меҳмон қилишган эди. Ширинликни татиб кўргач, қайт қилади, қорни қизий бошлайди. Қўллари увишиб, тирноқлари кўкаради. Шуларнинг ўзи ҳам симоб ёки мишяк билан заҳарланишнинг классик белгилари эмасми?

Бироқ гарчи Пётр анча заифлашган бўлса-да, ҳали ҳам
бақувват эди. 24 январга келиб, у ўзини анча тетик ҳис қилади: оғриқ йўқолади, иситма тушади.

Икки кундан кейин эса кайфияти кўтарилади. Унга сувда қайнатилиб, ғоз ёғи билан зираворланган осётр балиғи ҳамда гречка бўтқаси келтиришади. Айни шу пайтда тўсатдан Пётрни кучли безгак тутади. Шоҳ икки соатдан кўпроқ вақт ҳушини йўқотади. Ўзига келганда эса тили айланмайди. Шу билан бирга, ўнг қўли билан оёғи ишламайди.

Кечирасизу, бу энди аниқ цистит эмас. Иситма, алаҳсираш, фалажлик… Аксига олиб, ўша кезларда Пётр васият қолдиришга тараддудланиб турган бўлиб, кучи атиги икки сўзни ёзишгагина етади: “Ҳаммасини… беринг”. Аммо кимга? Буни энди ҳеч қачон билолмаймиз. 1725 йил 28 январь куни эрталаб эса Пётрнинг кўзлари абадий юмилади.

Қизиғи шундаки, айнан ўша соатда Франциянинг Россиядаги элчиси шевалье де Кампредон ўз подшоҳига Пётрнинг вафотидан кейин Россия билан Ғарб ўртасидаги дипломатик муносабатлар қандай бўлиши кераклигини ёзади. Эътибор беринг-а: “ўлим ҳолатида” эмас, “ўлимидан кейин”! Ваҳоланки, ўша пайтда подшоҳнинг ўлими эълон қилинмаган бўлиб, француз бу ҳақда олдиндан билган экан, деган таассурот уйғонади.

Сталиннинг зарбаси

— Китобингизда Сталиннинг ўлими ҳақида ақл бовар қилмайдиган фаразларни тақдим этгансиз. Камига эса нафақат Сталин, балки унинг қиёфадоши ҳам заҳарланган экан. Шундай бўлиши мумкинми?
— Мазкур ҳолатнинг ақл бовар қилмаслигига қўшиламан.
Аммо гап шундаки, мен уни ҳеч қачон ўйлаб тополмаган бўлардим. Бундан ташқари, бу ҳақда параллел равишда, деярли бир вақтнинг ўзида, аммо бири-биридан холи икки кишидан эшитганман, уларга эса ишонмасликнинг иложи йўқ. Улардан бири Сталиннинг энг яқин сафдоши Лазар Каганович. У бошқа қариндошларидек Москвада, мен истиқомат қиладиган кварталда яшар, шу боис тез-тез кўришиб, суҳбатлашиб турардик. Иккинчиси эса Сергей Алексеевич Гегечкори, аниқроғи, Серго Берия бўлиб, Лаврентий Павлович ағдарилганидан кейин ўғли нафақат исм-фамилиясини, балки манзилини ҳам алмаштиришга мажбур бўлганди. Киевга кўчиб кетишидан олдин Серго отам билан қадрдон бўлган. Улар тенгдош бўлиб, бир кўчада яшаш билан бирга, маълум вақт бир мактабда ҳам ўқишган.

Каганович билан Серго Бериянинг айтганлари бир-бирига
тўлиқ мос келиши билан аҳамиятга молик. Хуллас, Сталин ҳам,
унинг қиёфадоши ҳам заҳарланган бўлиб, бу ишда қонни
суюлтирадиган дикумариндан фойдаланишгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бундан ташқари, “халқлар отаси” ҳамда унинг кўп сонли қиёфадошларидан бирининг бир вақтда заҳарланиши расмий хабарларда ҳам тасдиқланган бўлса-да, Сталиннинг ўлими ҳақидаги ҳужжатлар ҳамда хотираларда зиддиятлар учраб туради. Масалан, дастлабки расмий ҳисоботда: “Ўртоқ Сталиннинг миясига қон қуюлиши 2 мартга ўтар кечаси, у Москвадаги квартирасида бўлганида юз берган” деб қайд этилган бўлса, Хрушев ҳамда бошқа зодогонларнинг мемуарларига кўра ҳаммаси Кунцевада содир бўлгану, аммо қачонлиги аниқ эмас. Яқин дала ҳовлининг комендати Орлов эса “Сталин ўлган заҳоти билишган”и ҳақида ахборот берган.

Бундан ташқари, унинг касаллиги ҳамда ўлимини турли манбаалар турлича талқин қилишган. Тиббиётнинг асосий ҳисоботида мияга қон қуюлиши орқали инсульт, дея кўрсатилган бўлса, бошқа бир касаллик варақасида ошқозони, ичаклари ҳамда овқат ҳазм қилиш органларида келиб чиқиши номаълум суюқлик топилгани ҳақида маълумот берилган.

Аммо “Правда” газетасида чоп этилиши учун тақдим этилган касаллик ҳисоботида эса нима учундир ошқозон ҳақидаги маълумот ўчириб ташланган. Қайси қудратли куч соҳиби бунга журъат этгани-ю, нима учунлиги маълум эмас. Ким билсин, балки раҳбар ўлимининг асл сабабини яшириш учундир?!

“Новичок”

— Нима учундир СССРнинг махсус хизматлари доимо “тўғри” усулларни афзал кўришганга ўхшайди.
— Штирлицнинг “Ҳар доим охирги жумла ёдда қолади” деган сўзлари эсингиздами? Бу ерда ҳам худди шундай. Троцкийга қилинган охирги — муваффақиятли суиқасдгина ёдда қолган.

Ваҳоланки, бундай ҳужумларнинг сон-саноғи йўқ бўлиб, ҳатто заҳарлашга уринишлар ҳам бўлган. Аммо заҳар воситасида суиқасдни амалга ошириш анчагина қийин вазифа эди. 1937 йил аввалига Францияга қочиб, кейинчалик АҚШга ўтиб кетган машҳур Валтер Кривицкийдан бошлайдиган бўлсак, на у ва на Ғарбга қочган бошқа ашаддий разведкачиларнинг бирортаси заҳарланган.

Камина заҳар ёрдамида Кривицкийни йўқ қилиш ҳақидаги топшириқни олган инсонни шахсан танирдим. Бизнинг ноқонуний, аммо буюк разведкачимиз Иосиф Григулевич жаҳон тарихида ҳеч ким уддалай олмаган ишни амалга оширган ягона шахс ҳисобланади. У Лотин Америкасида шунчалар чуқур “илдиз отган” эдики, ҳатто Коста-Риканинг Ватикандаги элчиси бўлишнинг ҳам уддасидан чиқади. Шундай қилиб, у менга Кривицкийни йўқ қилишга уриниши ҳақида сўзлаб берган эди.

Москвадан қочоқни йўқ қилиш ҳақида топшириқ келиб, Григулевичга заҳар етказиб берилади. Кривицкий ўша пайтда Вашингтондаги “Беллвью” меҳмонхонасида яшагани боис, Григулевич меҳмонхонанинг рўпарасидаги уйга жойлашади ва заҳардан фойдаланиш имкониятларини қидира бошлайди.

Аммо бундай имкон топилмай, Григулевич “объект ”га сира яқинлаша олмайди. Кўп ўтмай Москвадан “агар топшириқни бажармаса, ўз ҳаёти билан жавоб бериши” ҳақида хабар келади. “Мен шу кеча шунақанги ичибманки, охири қотиб ухлаб қолибман”, дея кейинчалик очиқчасига айтиб берган эди Иосиф Ромуальдович. “Эрталаб эса 1941 йил 10 февралда, газетада Кривицкий ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабарни ўқидим У ерда нима бўлгани менга қоронғу. Билганим ўзига ўқ узган. Менга эса шу сафар қилмаган ишим учун мукофот — Қизил Юлдузни топширишди”.
— Агар бу жуда қийин бўлса, сўнгги йиллардаги заҳарланишлар сериясини қандай изоҳлай оласиз?
— Скрипаллар ҳамда “Берлин бемори”нинг заҳарланиши шу қадар қўпол ва ноаниқ ташкил этилганки, мен уларни махсус хизматлар фаолияти билан боғлай олмайман. Буни соғлом ақл билан қабул қилиб бўлмайди. Бундан ташқари, жарангдор “новичок” номли заҳар ҳақидаги тахминлар-чи… Масалан, Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг таклифи билан Атлантиканинг икки томонидагилар унинг даҳшатли кучи ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмасалар-да, “даҳшатли рус оғуси” ҳақида аюҳаннос солишди.

Мен “новичок” билан ифодаланган А-224 кодли моддани ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этган Светлана Сидорова (уни шундай атаймиз) билан ҳам учрашганман. У Давлат органик кимё ва технология илмий-тадқиқот институтида ишларди. У шунингдек, НИИ42 ёки “почта қутиси 702” номи билан танилган, кимёвий қурол ишлаб чиқариш бўйича советларининг асосий тадқиқот институтидир.

Биз Кутузов кўчасидаги кафеда учрашдик. У мен “Скрипаллар иши”да “новичок”нинг бўлиш эҳтимоли қанчалик юқори эканлиги ҳақида сўраганимда, у жавоб ўрнига кўчанинг нариги томонини кўрсатди.
— Анави ерга қаранг! Ҳа, ҳа, хиёбоннинг нариги томонида кўп қаватли бино бор. Бино эшигидаги тутқични кўраяпсизми?
— Хўш, нима бўлибди?
— Агар биздан юз метр наридаги, ўша эшикдаги тутқичга “новичок” билан ишлов берилган бўлса, сиз билан менинг бир неча сония ичида ўлишимиз кафолатланган бўларди. Уч-тўрт дақиқада эса бир неча километр радиусдаги барча тирик жон ҳам ҳалок бўларди.

Бундай заҳар “идиш дўконидаги фил” деб номланади ва у нуқтали эффект учун мўлжалланмаган.

Ўшанда тўсатдан ич-ичимдан титроқ келган эди. Тан олишим керак, ҳар сафар шу суҳбат ёдимга тушса, қалтироқ тутади. Суҳбатимиз бошида айтганларимни эслайсизми? Бу заҳар ёвузларнинг қуролими ёки кучсизларники? Китобимни ўқувчига қўрқинчи мисоллар ёрдамида етказишдан мақсадим эса улар ўз заиф томонларини мустаҳкамлаб олишсин.

Будданинг қуйидаги сўзларини эпиграфлардан бири сифатида танлаб олганим ҳам бежиз эмас: “Агар қўлингиз шикастланмаган бўлса, қўлингизга заҳар олиб юришингиз мумкин. Заҳар жароҳати йўқ одамга зиён етказмайди. Ким ёмонлик қилмаса, ўзи ҳам ёмонликка дучор бўлмайди”. Демак, ёмонлик қилиш керак эмас. Шундай бўлгач, нафақат заҳар ишлатиш, балки мазкур мавзуда чайналавериш ҳам уят…

Ғофуржон АЛИМОВ таржимаси