Эрнинг ўқ-дориси хотин сумкасига қандай тушди?

17:00 - 25.08.2021

3

Фарзона (исмлар ўзгартирилган) 2020 йил 26 декабрь куни Самарқанд халқаро аэропортига «Самарқанд-Москва» йўналишидаги авиарейсда Россия Федерациясига учиб кетиш учун келди.

Аэропортда хизмат олиб борувчи божхона бошқармаси ходимлари аёлни сўроқлашганда Фарзона ҳеч қандай таъқиқланган нарса ва буюмлар йўқлигини айтди. У «яшил йўлак» орқали ўтиб, учиб кетиш залида жойлашган чегара назоратида рентген аппарати ёрдамида текшириб кўрилганда эса қўл сумкасидан бир дона, 12 калибрли пласмасс патрон борлиги аниқланди. Шундан сўнг қонунга хилоф равишда, рухсатномасиз ўқ-дорига эгалик қилиб, сақлаб, божхона назоратидан яширин равишда ўтказиш ҳолати юзасидан тегишли равишда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Фарзона кутилмаганда сумкасидан чиққан ўқ-дорини кўриб шошиб қолди. Кейин бу патрон турмуш ўртоғига тегишли эканини, эри овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасига аъзо эканини баён қилди. Ушбу патрон сумкасига қандай тушиб қолганлигини билмаганини айтиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди.

Суд мажлисида гувоҳлик берган Фарзонанинг турмуш ўртоғи ҳақиқатдан ҳам 2020 йил 3 октябрда Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасининг Тошкент вилояти бўлимига аъзо бўлиб кирганлигини тасдиқлади. Ички ишлар бош бошқармаси 4-минтақавий мувофиқлаштириш марказининг С-11-сонли рухсатномасига кўра унга МР-27М русумли 12 калибрли, 2 та стволдан иборат бўлган №182718635-тартиб рақами билан рўйхатдан ўтган қурол бириктирилган. 2020 йил декабрь ойларининг бошларида ов қуроллари сотиш учун мўлжалланган дўкондан 12 калибрли жами 50 дона ўқ-дориларни сотиб олиб, махсус сейфда сақлаган. Охирги марта овга борган пайти қўл сумкага ўқ-дориларни солиб кетганини, шундан сўнг овдан ортиб қолган ўқ-дорилар сумкада қолиб кетган бўлиши мумкинлигини баён қилди. Фарзона эса ушбу сумкани олиб кетади.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда унинг қилмиши оғир жиноят таснифига кирса-да, ўзининг намунали хулқи, меҳнатга ҳалол муносабати билан ўзини кўрсатганлиги боис ҳамда унинг қилмиши кам аҳамиятли бўлиб, аёл киши эканлигини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олди. Суд ҳукми билан Фарзона ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди.