Дўкондор миллионларидан айрилди

14:30 - 25.08.2021

6

Бугун тижорат банкларида валюта айирбошлашда ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо қонун талабини менсимай, шахсий манфаатини ўйлаб иш кўрадиганлар ҳали-ҳануз учраяпти. Вобкентлик С.Наримонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шундайлардан. Дўконга кириб келган аёл пештахтадаги маҳсулотларни кўздан кечираркан, дўкон эгаси кутилмаганда гап қотди: “Доллар бўлса алмаштириб берамиз”.

Кўпчилик дўкондор С.Наримоновни “долларчи” деб билади. Муқаддам судланган бу кимса билиб туриб ноқонуний ишга қўл урганини қандай изоҳлаш мумкин?! Аёл дўконда 2700 АҚШ долларини 28 млн. 161 минг сўмга айирбошлади. Долларфуруш фойдани чамалаб улгурмай дўконга ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари деб таништирган йигитлар кириб келишди ва унинг ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйишди.

Суд ҳукми билан айбдор деб топилган С.Наримоновга БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Тезкор тадбир давомида расмийлаштириб олинган 28 млн. 161 минг сўм маблағ давлат фойдасига ўтказилди.