Хотин недандир шубҳаланди…

12:30 - 25.08.2021

9

        Д.А. олий маълумотли, Қува туманидаги 83-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси(ҚОП)да умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлайди. Муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этиб судланган хавфли рецидивист ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётиб, такроран жиноятга қўл урди. Энг қизиғи, у ўзининг оиласини алдаб, доғда қолдирди.

       Д.А. икки йил аввал З.Ш. билан шаърий никоҳдан ўтиб бирга яшай бошлайди. Фарзандли бўлишади. Д.А. Фарғона шаҳридаги кўпқаватли уйлардан бирига оиласини кўчириб келади. “Бу хонадонни эгасини 11 минг долларга сотишга кўндирдим”, дейди рафиқасига. “Ярим пулини ҳозир, қолганини кейинроқ берамиз”.  Бу хабардан боши кўкка етган аёл онасига уй олдик, деб суюнчилайди.  “Пича қарз бўлиб қолдик”, деб онасидан олган 3500 АҚШ долларини эрига келтириб беради.

Найранги ишончлироқ бўлиши учун эр “Уйни сизнинг номингизга расмийлаштирамиз”, дея хотинига хонадон эгаси пулни олгани ҳақидаги тилхатни  беради. Бу ҳол аёлни шубҳалантириб қўйди, зимдан сўраб-суриштирди. Хавотири бежиз эмас экан – уйни эри ижарага олган бўлиб, тилхат эса қалбаки бўлиб чиқди.

З.Ш.нинг аризаси бўйича ўтказилган суриштирув ва тергов мобайнида  Д.А. шаърий никоҳидаги аёлдан алдаб олган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганига иқрор бўлди. Суд оиласини чув туширган, зарарни қоплаган фирибгар эрга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.