Аҳоли фаровонлигини таъминлаш олий мақсаддир!

18:00 - 24.08.2021

37

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасини ижобий томонга ўзгартириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Аҳоли турмуш тарзи яхшиланиши ва ижобий томонга ўзгаришига 2-сектор раҳбари – прокурорлар ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, туман (шаҳар) прокурорлари раҳбарлигидаги секторларда уйма – уй юриш
орқали аҳолини қийнаб келган 6 683 дан ортиқ муаммо аниқланиб, 5 879 таси ижобий ҳал қилинди. Аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг уй-жойларини таъмирлаш ва янгитдан қуриб бериш
орқали яшаш шароитлари яхшиланмоқда.

Жумладан, 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида прокурорлар ташаббуси билан 5 та эҳтиёжманд оила учун 295 млн. сўмлик уй-жойлар қуриб берилди ҳамда 23 та оиланинг уй-жойларида 520 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишини йўлга қўйиш мақсадида сув етиб бориши қийин бўлган кам таъминланган оилаларнинг хонадонларига жами 315 млн. сўмлик 162 та тик қудуқлар қазилиб, сув чиқариб берилди. Мисол учун, Кармана туманида сув йўқлиги сабабли томорқасидан унумли фойдалана олмаётган 100 та кам таъминланган аҳоли хонадонларига 110 млн. сўмлик тик қудуқлар ўрнатиб берилди.

Ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш мақсадида “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари” тизимлари ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, жорий йилнинг 1-ярмида прокурорлар секторида 30 ёшдан юқори бўлган аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиниб, 3 125 нафар хотин-қизлар 9 та тоифага ажратилган ҳолда “аёллар дафтари”га киритилди.


Шундан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишлаш истагини билдирган 1 246 нафар ишсиз хотин-қизларнинг доимий бандлиги таъминланди, 265 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 776 нафарига 12,6 млрд. сўм кредитлар ажратилди ҳамда 136 нафарига томорқасидан даромад олишлари учун субсидиялар ажратилди.

Мисол учун, Учқудуқ тумани прокурори томонидан “аёллар дафтари”га киритилган Ш.Норовага тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун “Hayitmurod Dilmurod Iftixori” МЧЖни ташкил этишда кўмаклашилиб, ҳудуддаги бўш турган бинолардан бири автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этиш учун ажратилди ҳамда 100 млн. сўм банк кредити олишида кўмаклашилиб, ўзи ва яна 4 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Олиб борилган амалий чора-тадбирлар натижасида 3 125 нафар хотин-қиз “аёллар дафтари”дан тўлиқ чиқарилишига эришилди. Жорий йилнинг 2-ярми учун ҳам “аёллар дафтари”ни шакллантириш мақсадида янгидан хатлов ўтказилиб, 2-секторларда 3 534 нафар хотин-қизлар дафтарга киритилди. Йил якунига қадар дафтарга киритилган хотин-қизларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилади.

Худди шундай, 2-секторларда 38 219 нафар ёш мавжуд бўлиб, уларнинг 4 856 нафари “ёшлар дафтари”га киритилган эди. Уларнинг 2 214 нафари доимий ишларга жойлаштирилди, 1 163 нафарига 32,6 млрд. сўм кредит ажратилди, 621 нафарига ер ажратилди, 65 нафари “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида ҳунармандга бириктирилди, 450 нафарига бино ва иншоот ижараси ҳамда меҳнат қуроллари учун субсидиялар ажратилди, 54 нафар талабанинг тўлов-контрактлари, 3 нафарининг уй-жой ижараси тўлаб берилди. 12 нафарига психологик, 92 нафарига тиббий ва 142 нафарининг истеъдодини қўллаб-қувватлаш учун турли ёрдамлар кўрсатилди.

Ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, сифатли таълим олиш лари учун шарт-шароитлар яратиш, бўш вақтлари мазмунли ўтишини ташкил қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2-сектор раҳбарлари ташаббуси билан 21 та умумтаълим мактаби ва 37 та мактабгача таълим муассасасида 1,4 млрд. сўмлик таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Прокурорлар секторларида 6 мингдан ортиқ китоб фондига эга бўлган 3 та анъанавий ҳамда 43 та QR кодли электрон кутубхоналар ташкил этилди. Ҳозирда “ёшлар дафтари”га киритилганлардан 4 832 нафари (99,5 фоизи) дафтардан чиқарилди. Прокурорлар секторларида 5 155 та эҳтиёж манд оила “темир дафтар”га киритилиб, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилди.

Бундай оилаларнинг 6 080 нафар ишсиз аъзоларининг бандлиги таъминланиб, уларга 5 млрд. 897 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 5 127 та эҳтиёжманд оилалар халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари қарори асосида “темир дафтар”-дан чиқарилди. Махсус дафтарларга киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини оширишда тикувчилик цехлари ва тўқимачилик корхоналари имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Жумладан, ушбу йўналишда 2-сектор раҳбарларининг амалий ёрдами билан 3 та тадбиркорлик субъектига 358 млн. сўм кредит, 231 млн. сўм субсидия ажратилди, 3 та тадбиркорга бўш турган бинолар ажратилди ва 25 млн. сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан таъмирлаб берилди, бу орқали 154 та янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилдан бошлаб, “маҳаллабай” ишлаш тизими амалиётга жорий этилганлиги муаммоларнинг тезкорлик билан ҳал этилишига замин яратмоқда. Бу борадаги ишларни ташкил қилиш мақсадида биринчи бўғинда прокурорлар секторидаги мавжуд 72 та маҳаллага тижорат банкларининг 55 нафар малакали мутахассислари доимий вакил сифатида бириктирилди.

Иккинчи бўғинда сектор қошида иқтисодий комплекснинг ходимларидан иборат 11 та “Бошқарув офис”лари ташкил этилди.

Учинчи бўғинда эса туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилигидаги мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этилиб, ишлаб чиқилган йўл хариталарини тасдиқлаш ва ижроси бўйича маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобот бериб бориш механизми йўлга қўйилди.

Маҳаллабай ишлаш тизими асосида прокурорлар секторидаги маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” – “драйвер”лари аниқлаб олинди. Мисол учун, Қизилтепа тумани прокурори секторидаги 4 та “Ванғози”, “Кулолон”, “Оқмачит” ва “Обод диёр” маҳаллалари иссиқхона йўналишига ихтисослашган бўлиб, улардаги 2 795 та хонадоннинг 1 455 таси шу соҳа билан шуғулланиб келишади.

Маҳаллалардаги аҳолини ихтисослашув бўйича тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида прокурор секторида истиқомат қилувчи 3 205 нафар фуқарога 73 млрд. сўм кредит маблағлари ажратиб берилди.

Албатта, маҳаллалардаги криминоген вазият фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришларига катта таъсир кўрсатади. Шу боис, жиноятчилик сони юқори бўлган маҳаллалар танлаб олиниб, манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, жиноятчиликни қуйи бўғинларда “маҳаллабай” тарзда жиловлаш мақсадида, 1 млрд. 160 млн. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига маҳаллаларнинг ўзида кузатиш имконини берувчи “вазиятлар марказлари” ташкил қилинди.

Шу каби жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этиш эҳтимоли юқори бўлган 106 та объектга замонавий кузатув камералари жойлаштирилиб, “маҳаллабай” назорат ўрнатилди. Натижада ўтган қисқа фурсат давомида ушбу ҳудудларда 15 та жиноятнинг фош этилиши, 46 нафар шахснинг унутиб қолдирилган буюмлари топиб берилиши, 87 та содир қилинган йўл-транспорт ҳодисалари бўйича жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг тезкорлик билан аниқланиши таъминланди.

Тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида прокурорлар томонидан ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорларга кўрсатилган амалий ёрдам натижасида 1 247 нафарининг муаммоли масалалари ўз ечимини топди. Уларнинг 326 нафарига 59,3 млрд. сўм кредит, 56 нафарига 435 гектар ер майдони ва бино ажратилиши, 12 нафарига рухсатнома берилиши, 183 нафари муҳандислик тизимларига уланиши таъминланди ва 670 нафарининг бошқа муаммолари ҳал этилди. Натижада 470 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Яна бир муҳим масала. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш бўйича сектор раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган бир ҳафта давомида 474 та мурожаат қайта ўрганилиб, илгари ечимини топмаган 295 та мурожаат ижобий ҳал қилинди.

Фаолиятимиз билан боғлиқ бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Биз бу борадаги ишларни тизимли давом эттириб, камбағалликни қисқартириш, махсус дафтарга киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини яратиш, умуман олганда халқни рози қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни тизимли давом эттирамиз.

Бахтиёр АХМЕДОВ,
Навоий вилояти прокурори