“Чақалоғимни 10 мингдан камига бермайман!..”

14:30 - 24.08.2021

11

Асли риштонлик бўлган, турмушидан ажраб, пойтахтда 2 яшар ўғилчаси билан ижарада яшаб юрган Нурхон кундалик ишлар ортидан тирикчилик қиларди. Унинг ўтган йилнинг бошларида Р.Ўлмасовга тегишли иссиқхонада доимий ишлаш учун келганида 5-6 ойлик ҳомиласи бор эди. Вақти-соати билан Нурхоннинг кўзи ёриди, яна ўғилли бўлди.  Исмини Бекзод қўйди.

Ишламаса, тирикчилик ўтмайди. Айниқса, ёлғиз аёл учун рўзғор қилиб, фарзанд боқиш осонмас. Нурхон ҳам икки фарзанди билан қийналди. Яхшиямки, иссиқхона эгаси ундан хабар олиб турди. Аммо аёл яшаётган уйининг ижарасига пул топишга қийналди. Бекзод 7 ойлик бўлгач, Нурхон уни сотиш ҳаракатига тушиб қолди. Танишларига чақалоғини сотмоқчилигини, оладиган одам бўлса хабарини беришларини тайинлади. Тезда харидор ҳам топилди. Шундан сўнг улар яшаётган хонадонга чақалоқни кўргани тирноққа зор эр-хотин, яъни мижозлар келди. Нурхон уларга боласининг нархи 10 минг доллар эканини билдирди. Бунча пули йўқлиги боис Нурмуҳаммад аёлга боласини шундоқ бериб юборишини, шундай қилса боланинг келажаги ишончли қўлларга ўтишини айтиб ёлворди. Аммо Нурхон болани бепул бериб юборишга унамади. Яхши ниятда келган эр-хотин ортга қайтишаётганда Нурхон “сизлар олмасангиз, бошқа мижозлар кўп, улар пулни нақд санаб беришади”, деди. Бу гапдан Нурмуҳаммад сергак тортди. Гўдакнинг тақдири уни ташвишга солди. Бошқаларнинг қўлида норасида қандай аҳволга тушаркин?.. Уларга боланинг ички аъзолари керак бўлса-чи?… Шу каби саволлар Нурмуҳаммадга тинчлик бермади. Эртаси куни Нурхонга қўнғироқ қилиб, болани сотиб олишини айтди ва ушбу ҳолат ҳақида тегишли жойга ариза билан мурожаат қилди.

Шу йилнинг 23 март куни Нурхон айтилган вақтда белгиланган манзилга чақалоғини кўтариб етиб борди. “Мижоз” берган 10 минг долларни санаб олди. Бекзодни Муҳаббатга узатди ҳамда ортидан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини берди ва тилхат ҳам ёзиб берди. Шу пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари Нурхонни жиноят устида ашёвий далил билан қўлга олишди.

Суд ҳукми билан Нурхон Жамолдинова 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.