Дўкончи уйидан ажралишига оз қолди

12:30 - 24.08.2021

4

Аллақачон оқ-қорани таниган Мирзоғолиб Баракаев тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келарди. Қарангки, у қонун талабларига амал қилмагани боис, 2007 йилда суд остонасига қадам босди. Бироқ қонуний енгиллик берилиб, амнистия актига мувофиқ жазодан озод қилинди. Жавобгарлик масаласи ҳал қилмасдан тугатилди. Илк “қоқилиш”дан у ўзига сабоқ чиқармади. Орадан бир йил ўтиб, яна жавобгарликка тортилди. Бу гал икки йил мобайнида мансаб вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақи 350 баравари миқдорида жарима тўлади. Бу жазо ҳам Мирзоғолибнинг ақли учун кор келмади чоғи, 2009 йилда яна бир карра содир қилган қонунбузарлигига лойиқ жазо олди. Қисқаси, у хавфли рецидивистга айланди.

Масъулияти чекланган жамиятлардан бир қанчасининг норасмий раҳбари бўлган Мирзоғолиб кунларнинг бирида оддий дўконда сотувчи бўлиб ишлайдиган Карим Сабриддинов билан ўзаро суҳбатлашиб қолди. Бекатдаги кўримсиз дўконнинг сотувчиси бўлган бу шахс қаршисидаги инсоннинг кимлиги, иш фаолияти билан қизиқди. Тадбиркорлигидан хабар топганидан сўнг, бор доғи-ҳасратини тўкиб солди – аёли ишламаслиги, фарзандлари кўплиги, иши юришмаётгани, топган ойлик даромади озлигини айтиб, Мирзоғолибдан ёрдам сўради. Табиийки, “қаҳрамонимиз” ҳам бу ҳолга бефарқ қараб туролмади. Янги бир фирма очиши, унга расмий қоғозларда раҳбар кераклиги, амалда эса фирмани ўзи бошқариши, Каримга ойлик тайинлаб, тўлаб бориши ҳақида гапирди.

— Фирмани уйингизга очамиз, — деди Мирзоғолиб. — Бироз тажриба тўплаб олганингиздан кейин, фирмани бутунлай ўзингизга бераман, раҳбарлик қилаверасиз…

Бироз иккиланиб турган Карим Мирзоғолиб айтган шартга кўнди, фирма ташкил этилди. Кунларнинг бирида Каримнинг уйига бир гуруҳ одамлар келиб, ўзларини Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти вакиллари деб таништиришганида, хонадон соҳиби лол қолди. Кутилмаган меҳмонлар эса, унинг номидаги фирма пул ювиш ва бошқа ғайриқонуний ишлар билан шуғулланиб келгани, бундан ташқари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларлардан ҳам қарздорлигини айтиб, бир қанча ҳужжатларни кўрсатишди. Агар огоҳлантиришдан кейин 30 кун ичида қарздорликни бартараф қилмаса, унга қонуний жазо кўрилишини айтишди.

Уй эгаси емаган сомсага пул тўлаши мумкинлигини сезди. Бу ҳақда қонун посбонларини воқиф қилиб, фирма аслида Мирзоғолибга тегишли экани, бу ишлардан мутлақо хабари йўқлиги, норасмий раҳбардан на моддий, на маънавий кўмак олмагани, иш ҳақи олмаганини баён этди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан Андижон шаҳрида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритиб келаётган корхона ва ташкилотларда солиқ қонунчилигига амал қилиш ҳолати ўрганилганида, М.Баракаев томонидан К.Сабриддинов учун очилган жамиятда 198 млн. 200 минг сўмлик солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товланилгани, шунингдек, жамият томонидан 11 млрд. 972 млн. 101 минг сўмлик товарлар реализацияси амалга оширилган бўлса-да, келиб тушган бу пуллар назорат-касса машинасига тегишли тартибда кирим қилиниб, банк муассасасига топширилмагани ўз тасдиғини топди. Бундай ҳаракатлар Мирзоғолибнинг яна суд қаршисидаги жавобгар бўлишига олиб келди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди М.Баракаевга 4 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Ўзига берилган дастлабки енгилликдан хулоса чиқармаган, бир сўз билан айтганда, тил уқмаган тадбиркор бу гал ҳам кўриб турганингиздек, яна жавобгар бўлди.