ХТБ раҳбарлари мактаб қувурларини

18:00 - 23.08.2021

11

Муборак тумани молия бўлими томонидан туман халқ таълими бўлимида текшириш ўтказилганида бўлим мутасаддиларининг айрим кирдикорлари ошкор бўлди: мактаб мансабдорлари томонидан ошиқча иш ҳақи ёзиш, ойлик иш ҳақларига нисбатан ортиқча пуллар ва асословчи ҳужжатларсиз моддий ёрдам пуллари тўлаш йўли билан давлатга 316 млн. 732 минг 415 сўм миқдорда зарар етказишган. Шунингдек, қувурлар ҳам ўзлаштиришган.

2019 йилнинг июнь ойида Муборак тумани халқ таълими бўлимига қарашли 16-умумтаълим мактаби биносининг иситиш тизими учун ўрнатилган ва фойдаланишга яроқли бўлган 17 млн. 697 минг 300 сўмлик металл қувурлар кесиб олинди. Мутасаддилар сўраганларга: “Яроқсиз, металлоломга топширилади”, деган жавобни айтишди. Аммо… Қувурлар ўз жойини топиб кетди…

Асрор Суюнов 2019 йил 13 мартдан 14 ноябрга қадар Муборак тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлади. У  қўл остидаги ходимлар билан жиноий тил бириктириб, 16-мактабдаги қувурларнинг алмаштирилишида давлат мулкини ўзлаштириб, растрата йўли билан талон-торож қилди. Мудир қувурларнинг бир қисмини ўз уйига, қолганини кейинчалик ўзлаштириш мақсадида тумандаги 5-мактаб биносига жўнатди.

Туман халқ таълими бўлими бош ҳисобчиси Бекзод Ҳалимов 2018 йилнинг январь ойидан 2020 йилнинг июнь ойига қадар бўлган даврда ўқитувчи ва ишчи-ходимларга ҳаммаси бўлиб 119 млн. 831 минг 189 сўмлик иш ҳақи, рағбатлантириш, мукофот пули ва унга тенглаштирилган бошқа турдаги тўловларнинг асоссиз равишда ошиқча ҳисобланишига, оқибатда давлат манфаатларига зарар етказилишига сабабчи бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судида судланувчилар Асрор Суюнов ҳамда Бекзод Ҳалимовнинг жиноят иши кўрилди. Суд мажлисида А.Суюнов айбига иқрорлик билдирмасдан, ҳеч қандай давлат мулкини ўзлаштирмаганини маълум қилди. Унинг қайд этишича, 16-мактабдаги қувурлар 2008 йилдаги қаҳратон совуқда ёрилиб, яроқсиз аҳволга келиб қолгани сабабли халқ таълими бўлимининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобрақамига пул тушириш учун уларни металлоломга топширмоқчи бўлган. Аммо Сариқ маҳалласининг бир гуруҳ оқсоқоллари қувурларнинг фойдаланишга яроқли қисми ўрнига металлолом беришни таклиф қилишган. Аҳоли орасида келишмовчилик келиб чиқиб, бу таклиф амалга ошмай қолган. Уйига олиб кетган қувурлар ўрнига 3 тонна темир-терсак топширишни режа қилган. Бироқ мудирнинг бу важ-корсонлари келтирилган далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари олдида ҳеч нарсага ярамай қолди.

Бош ҳисобчи Б.Ҳалимов ҳам мудир сингари иш тутиб, айбини тан олмасдан туриб олди. Унинг айтишича, барча ҳисобчилар томонидан ҳисобланган иш ҳақларининг тўғрилигини текширишга улгурмаган эмиш. Бироқ унинг бу баҳоналари ҳам гувоҳлар томонидан инкор этилди.

Суд ҳукм қилди. Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан судланувчилар Асрор Суюнов ва Бекзод Ҳалимовга 1 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Етказилган зарарлар ҳам тўлиқ қопланганлиги қайд этилди.

Ҳаммамизга яхши маълумки, халқимиз мактабни муқаддас даргоҳ сифатида улуғлайди. Ҳар қандай шароитда ҳам кўпнинг боласи илм оладиган қутлуғ даргоҳнинг мулкига кўз олайтириш оғир гуноҳ ҳисобланган.

Таълимга киритилган инвестиция келажак учун сармоя демакдир. Бу сармояни шахсий манфаатга йўналтириш келажакка болта уриш билан баробардир. Юқоридаги тафсилотимиз “қаҳрамон”лари бўлган мудир ва бош ҳисобчи қилмишларига яраша жазо олишди, балки энди бундан ўзларига хулоса чиқариб олишар?!