“Жаноб, русча сўз қўшмай гапиролмайсиз…ми?”

16:00 - 23.08.2021

18

Йиғилишга вақтлироқ келдим. Ташкилотчиларнинг тайёргарлигини кузатиб, англадимки, нозик дидли, ишида ва сўзида масъулият бўлган раҳбарлардан бирининг йиғилиши. Иштирокчилар бирин-кетин кела бошлади. Йиғилиш ҳам бошланди.

— Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари. Сизларни йиғишимиздан мақсад, юртимизда бўлаётган ўзгаришларни ўз вақтида халқимизга етказиб турсангиз. Кароче, бугун ҳар қадамда ўзгариш, ҳар қадамда цивилизация. Ҳммм! Ну, так… Ҳозир жойлардаги ривожланишлар барчага маълум. Пака, негативкалар ҳам йўқ эмас. Нима бўлганда ҳам ривожланиш бор жойда негативка бўлади. Агар билсангизлар ўсиш ва ривожланиш ёнма-ён юради. Может быт сизлар ҳам бу борада бизга яқиндан ёрдам берарсизлар? Не ужели бу борада ҳамкорликни кучайтириш қийин бўлса? Если чо бирдамликда ҳаракат қилсак, барча ишларимиз беш бўлади.

Тўғриси, йиғилишга алоҳида тайёргарлик билан келгандим. Ўз фикрларини русча аралаш сўзлар ёрдамида тушунтиришга ҳаракат қилган раҳбарнинг гапларини эшитгим келмади. Наҳотки, бир соатлик йиғилишда 115 маротаба русча сўз қўшиб гапириш урфга айланган бўлса. Ёки 80 минг сўзни ўзида жамлаган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да айтишга, таъкидлашга муносиб сўз йўқми? Йиғилишдан кўзланган асосий мақсадни тушунтириб бериш учун ўзбекча гапириш кимларгадир малол келадими? Балки уқувимиз етмас?… “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни ўқиш, ундаги сўзларнинг мағзини чақиш учун алоҳида вақт ажратиш шарт эмас, назаримда.

Адабий тилда эмас, шевада гапиришга ва гапларимиз орасига русча сўз қўшиб фикримизни баён қилишга одатланиб қолдик. Кўча-кўйда етмаганидек, катта экранларда шевада гапираётганлар, қолаверса, сўзларни нотўғри талаффуз қилиш унинг ёзилишига ҳам таъсир кўрсатишини англаб етадиган вақт келмадимикан… Қачон ўз она тилимизни ҳурмат қилишни, ундаги сўзларни ўз ўрнида ишлатишни ўрганамиз? Ўттиз йил аввал “тил”имиз мустақиллигига эришганмиз-у, аммо ҳалигача ўзимиз бўғзидан олиб, эркин нафас олишига қўймаяпмиз.