Ҳокимият ваъдасида турмади

14:30 - 23.08.2021

10

И.Алимардонова мулкка эгалик ҳуқуқлари бузилганидан норози бўлиб судга шикоят қилди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасидаги аёлга тегишли бўлган уйда унинг ўзи, турмуш ўртоғи, ўғли ва қизи, синглиси ҳамда яна 3 нафар фуқаро доимий рўйхатда туришган. Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига асосан унинг хонадони ҳам бузилган. Аммо уйи бузилган бошқа мулкдорларга компенсация тариқасида уйлар ажратиб берилгани ҳолда И.Алимардонова бузилган уйи учун ҳалигача компенсация ололмаган. Даъво қилинишича, қарорга кўра ҳокимият аёлга иккита уч хонали хонадон бериш мажбуриятини олган. Бироқ туман ҳокимияти “Green Park” турар жой комплексидан битта хонадон ажратиб беришини маълум қилган. И.Алимардонова эса ҳокимиятнинг бу жавобидан норози бўлиб судга мурожаат қилган. Суддан бузиб ташланган турар жойи учун жавобгар томонга иккита уч хонали хонадон бериш мажбуриятини юклашни сўраган.

Жавобгар Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида бир неча бор хабардор қилинган бўлса-да, судда ўз вакилининг иштирокини таъминламади.

Ўрганишлардан маълум бўлдики, юқорида кўрсатилган ҳоким қарори қабул қилинган вақтда Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги низом амалда бўлган. Бузилишга тушган бино ва иншоотлар мулкдорларига компенсация беришда ушбу низом талабларига мувофиқ иш тутилган.

         Мазкур Низомга кўра, турар жой олиш учун бузилаётган уй (квартира) эгаси бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олингандан кейин бир ой муддатда оила аъзолари ёки бошқа биргаликда яшайдиган (рўйхатдан ўтган) шахслар билан келишган ҳолда тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ўзига бузилган уй-жой ўрнига турар жой ажратиш тўғрисида ариза бериши керак. Аризада оила таркиби, доимий яшайдиганлар сони, турар жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча қўшимча уй-жой майдони олиш учун имтиёзлар кўрсатилиши жоиз.

Шу сабабли компенсация миқдори ва турини белгилаш бўйича туман комиссиясининг 2018 йил 29 июлдаги қарори билан аризачига бузилишга тушган уйи учун компенсация тариқасида низоли уйда доимий рўйхатда турганлар учун иккита уч хоналик хонадон ажратиб бериш белгиланган.

Бироқ, юқорида қайд қилинганидек, компенсация ҳозиргача берилмаган. Бу ҳолатда туман ҳокимияти мансабдор шахсларининг аризачига ваъда қилинган компенсацияни бермасликда ифода қилинган хатти-ҳаракатини қонуний деб бўлмайди. Шунга кўра ва қайд қилинган қонун талабларидан келиб чиқиб, суд аризани қаноатлантирди. Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти мансабдор шахсларининг компенсация бермаганлигини ғайриқонуний деб топди. Жавобгар зиммасига комиссия қарори билан белгиланган компенсация бериш мажбуриятини юклади.

Мазкур иш 2021 йил 17 февраль куни Тошкент туманлараро маъмурий суди томонидан очиқ суд мажлисида кўрилган бўлиб, Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 26 апрелдаги қарорига асосан суднинг мазкур ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Аслида ҳеч кимнинг уйи бузилмасин. Аммо ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан кимнингдир уйи (квартираси) бузилиши лозим бўлганда қонун талабларига кўра иш тутиш, фуқарони турар жой билан таъминлаш зарур. Шунда ортиқча оворагарчиликларга, тушунмовчиликлар ва асаббузарликларга ўрин қолмайди.