Етим болалар туфайли мансабдорлар жазога тортилди

18:00 - 20.08.2021

20

Ниҳолни парваришласанг, кўркам дарахтга айланади. Фарзанд комил инсон бўлиши учун унга муносиб тарбия, меҳр ва эътибор зарур. Келажак эгаларининг ҳуқуқлари конституция ва қонунлар билан ҳимояланган. Бироқ, жойларда ушбу қонун ижроси тўла таъминланяптими? Ота-она қарамоғисиз қолиб кетган болалар ҳуқуқлари ҳимоя қилиняптими? Афсуски, бу саволларнинг барчасига ижобий жавоб топиш қийин.

Хоразм вилояти прокуратураси органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда айрим ҳолларда қонун талаблари тўлиқ бажарилмаётгани аниқланди. Айтайлик, вилоят бўйича ота-онаси олти ойдан буён хорижда юрган умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари сони 3 398 нафарни ташкил қилиб, шундан 1244 нафарига васий ёки ҳомий тайинлаш чоралари кўрилмаган.

Англашиладики, 1 244 бола ота-она қарамоғисиз, яқинлари эътибори ва меҳрисиз қолиб кетган. Бу болалар тарбияси учун ким жавобгар? Улар қандай турмуш кечиришяпти? Уларни ҳеч ким таҳқирламаяптими? Таълим олишлари шароитлари етарлими? Дарсларни яхши ўзлаштиришяптими? Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида 1 244 нафар боланинг турмуш шароити, аҳволи, таълимга жалб қилинганлиги ҳолати мутасаддилардан иборат бўлган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.

Ўрганиш натижасига кўра аниқланган қонун бузилиши ва бунга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан туман (шаҳар) ҳокимликлари ва халқ таълими бўлимларига 8 та тақдимнома киритилиб, васийлик ва ҳомийлик тайинлаш билан боғлиқ бўлган 5 та асоссиз ҳоким қарорлари протест асосида бекор қилинди ҳамда 7 нафар мансабдор шахс МЖтКнинг 471-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, ота-онасининг қаровисиз қолган жами 999 нафар болага васий ёки ҳомий тайинлаш юзасидан туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари чиқарилиб, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Ўсиб келаётган авлод тақдирига бефарқ муносабатда бўлишга ҳаққимиз йўқ. Улар ҳаётда қоқилмасдан, юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб камолга етишлари учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни ҳар бир бола ҳис қилиши шарт.