Изғиринда ариқ бўйида ечинган йигит

10:30 - 18.08.2021

19

Тун ярмидан оққан. Кеч кузакнинг изғиринли оқшоми. Кўчада бир йигит тез-тез юриб келмоқда. Ора-сира ортига қараб қўяди. Катта ариқ устидаги кўприкдан ҳам шитоб билан ўтди, аммо негадир ортига қайтди.

Сўнг эгнидаги кийимларини шоша-пиша еча бошлади. Ажабо… Йигитнинг шу изғиринда, боз устига ярим тунда чўмилгиси келгани таажжубланарли. Йўқ, у чўмилмади, кийимларини тезоқар каналга улоқтирди. Бир пас сувга тикилиб турди-да, оёқяланг, кийимсиз ҳолда йўлида давом этди.

2021 йил июнь ойининг 23 куни жиноят ишлари бўйича Чиноз тумани судида Шерзод Алиевга тегишли жиноят иши кўриб чиқилганда юқоридаги ҳодиса ишга алоқадор, таъбир жоиз бўлса, муҳим аҳамиятга эга бўлиб чиқди. 1986 йилда Чиноз туманида туғилган Ш.Алиев ишсиз, муқаддам судланмаган, бир қарашда мўмин-қобилгина йигит. Аммо у икки нафар ҳимоясиз, кекса кишини бўғиб ўлдирди. Икки жонни йўқ қилгач, ҳеч бўлмаса виждон азобини чекиш, қилмишини тан олиб, ўзини қонун посбонлари қўлига топшириш ўрнига турли уйдирмалар тўқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларни чалғитишга уринди, ҳатто уларга туҳмат қилди. Дастлаб қотиллик қилганини тан олиб, қарияларни қай тариқа ўлдирганини кўрсатиб берган  Ш.Алиев кейинчалик бу гапларидан тонди. Гўёки Чиноз тумани ИИБ ходимлари унга нисбатан руҳий, жисмоний тарзда тазйиқ ўтказишгани ва у қотилликни бўйнига олишга мажбур бўлганини айтиб суддан адолат сўради.

Хўш, унда каналдан топилган, қотиллик содир этилган кечада Шерзоднинг эгнида бўлган кийимлар, ўз уйининг печкасида чала ёнган жемпер-чи? Шерзод уларни нима сабабдан йўқ қилмоқчи бўлган?

Судланувчининг бу саволларга жавоби ҳам жуда ғайриоддий. Эмишки, ярим тунда қайнонаси вақтинча яшайдиган уйга бир гуруҳ босқинчилар ҳужум қилишган. Қарияларни қора қонга белаб уриб, сўнг ўлдиришган. Унинг ўзини ҳам обдон дўппослашган. Кейин Шерзод ўша машъум ҳовлидан чиқиб ўз уйига келаётиб, канал сувига қўлларини ювмоқчи бўлган. Шунда бирдан оёғи тойиб, кийимларига лой сачрабди. Шу аҳволда кўчада юришдан истиҳола қилиб, кийимларини, ҳатто пойабзалини каналга ирғитибди. Шу холос.

Унда эгнидаги жемперини нега печкада ёқмоқчи бўлган экан?

Шерзоднинг бунга ҳам “асосли” баҳонаси тайёр: “Уйга келсам, хона совуқ экан. Иситиш мақсадида печкага икки дона ўтин солмоқчи бўлдим, шунда эгнимдаги жемперни ҳам бирга ёқиб юборибман. Ўлай агар бехосдан бўлди!”

Ваҳоланки, воқеа аслида шундай бўлган эди: Шерзод Алиев шаръий турмуш ўртоғи Л.Игумнова билан унинг онаси Т.Игумнова яшаб келган уйга меҳмонга боради. Г.Вайцеховскийга тегишли бу уйда хотини, қайнонаси, уй эгасининг ўзи ва уларнинг меҳмони А.Сейдалиевлар билан ўтириб, спиртли ичимликлар истеъмол қилишади. Маст бўлиб ухлаб қолгач, хотини Лейло бир литрлик шишадаги ароқни қўлтиқлаб дугонасиникига бориб базмни давом эттириш учун уйдан чиқиб кетади. Шундан сўнг, 2 ноябрь тунги соат икки яримларда қайнонаси Шерзодни уйғотиб, уйига кетишини айтади. Уйқуси бузилганидан жаҳли чиққан йигит қайнонасини, унга қўшиб уй эгаси Г.Вайцеховскийни ҳам ҳақорат қила бошлайди. Улардан хотини Лейлонинг қаерга кетганини сўрайди, уни топиб беришларини талаб қилади. Қариялар забардаст йигитга қаршилик кўрсата олишмайди, калтаклардан ўзларини ҳимоя қилишга ожиз эдилар. Шерзод эса борган сари “шер”га айланарди. Икки қари-қартангни уриб, тепиб, дўппослаб, оғир тан жароҳати етказса ҳам у ҳовуридан тушай демасди. Шу ерда ётган рўмолга кўзи тушгач, ўйлаб-нетиб ўтирмай дастлаб қайнонасини, сўнг Г.Вайцеховскийни рўмол билан бўға бошлайди. Қариялар типирчилай-типирчилай жон таслим қилишади. Шерзод эса ҳодиса жойидан қочиб яширинади.

Уйига бориб, бўлган воқеани яқинларига бошқача тасвирлаб, ўзидан жабрдийда ясайди. Гўёки йигит ичкилик ичиб ухлаб қолгач, қайнонаси яшайдиган уйга бир гуруҳ босқинчилар келганини, қарияларни ўлдириб, унинг ўзини ҳам обдон дўппослашганини айтади. Аммо бугунги кунда тергов-суриштирув ҳаракатлари, суд-тиббий экспертиза текширувлари ҳақиқатни қийинчиликсиз аниқлайди. Ш.Алиевнинг жиноят содир этганидан сўнг, эгнидаги кийимларига қон теккани боис жиноят изларини яшириш мақсадида шу ердан оқиб ўтган каналга кийимларини ташлаб юборгани, қон доғи теккан жемперни ёққани ана шундай текширувларда ойдинлашади.

Суд Шерзод Алиевни  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми тегишли бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Унга ўн тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.