Нопоклар қуроли

12:30 - 18.08.2021

14

Заҳарланишлар тарихи ва ҳукмдорларнинг сирли ўлими ҳақида

Заҳарланишлар тарихи, ҳукмдорларнинг сирли ўлимлари ҳамда муаммоларни ҳал қилишнинг қийин ва хавфли бўлган бундай усули инсониятни нима учун бугунги кунда ҳам таъқиб қилаётгани ҳақида ёзувчи ва публицист, АСТ нашриётида чоп этилган “Заҳарлар. Тўлиқ тарих. Мишяк (маргимуш)дан “Новичокгача” китоби муаллифи Кирилл Привалов сўз юритади.

Умумий муаммо

Константин Кудряшов, “АиФ”: Кирилл Борисович, таъкидлаш лозимки, китобингиз нафақат географик, балки хронологик жиҳатдан ҳам кенг қамровга эгалиги билан ажралиб туради. Нима деб ўйлайсиз, заҳар истеъмол қилишни қонун билан тартибга солиш мумкинмикан? Эҳтимол, айрим халқларда заҳардан низоларни ҳал қилиш воситаси сифатида фойдаланишга мойиллик бўлгандир?

Кирилл Привалов: Умуман олганда аввалига китобга “Заҳарлар. Нопоклар қуроли” ёки “Заифлар қуроли” каби ном бермоқчи эдим. Аслида шунинг ўзиёқ саволингизга қисман жавоб бўлади.

Қолаверса, қайсидир халқда бошқасига нисбатан заҳардан фойдаланишга иштиёқ кучлироқ, де йиш фикридан ҳам йироқман. Биласизми, орқадан пичоқ уриш баробарида ўзини шубҳадан холи қолдиришдек разил қилмишни қайсидир маънода барчага хос дейиш мумкин.

Инсониятнинг умумий фожиаси ҳам ана шунда. Айтмоқчиманки, одамлар баркамоллик ҳамма нарсадан устун эканига ишонганликлари боис, энг қимматли ва энг бебаҳо манбаларини ўзларини янада кучлироқ қиладиган нарсани ихтиро қилиш учун сарфлайдилар. Имкон топилди, дегунча ён-атрофдагиларни эзиб, уларни ўз амрларига бўйсундирмоқчи бўладилар. Айнан шу нуқтаи назардан заҳарни идеал восита деб ҳисоблашимиз мумкин. Ҳатто унинг ҳаракатлари алоҳида мақсадга йўналтирилган бўлса-да, барибир, заҳар оммавий қирғин қуролидир.

Шундай бўлгач, такрор айтаман, заҳардан фойдаланиш бир ёки бир нечта халқларга хос хусусият эканлиги ҳақида баҳслашиб бўлмайди. Шунга қарамай, тарихнинг маълум бир оралиғида, қўпол қилиб айтганда, “заҳарли амалиёт”нинг ўзига хос рамзига айланган минтақалар ҳам учраб туради.

Италия афсунлари

— Қайси минтақадан бошлаймиз?
— Шубҳасиз, кўпчилик Италия ҳамда “заҳар” тушунчаси билан боғлиқ бўлган Борджиа ва Медичи каби машҳур фамилияларни яхши эслайди. Аммо ҳамма ҳийла-найранг шундаки, Борджиалар Испаниядан келган муҳожирлар бўлиб, “Қора заҳарловчи Екатерина Медичи” ҳақидаги афсона эса маълум даражада Александр Дюма(ота)нинг виждонига ҳавола. Бироқ, Италия бир неча сабабларга кўра, заҳарланиш жиҳатидан жуда “ривожланган” мамлакат эди. Аҳамият беринг-а, XIV асрнинг бошларида француз қироли Филипп Чиройли тамплиерлар Орденини яксон қилади. Аслида айнан тамплиерларнинг рицарлари заҳарли моддалар билимдони бўлиб, бир вақтлар хетиклар, шумерлар, бобилликлар ва албатта, финикияликлар даврида ривожланган ушбу “санъат”ни Яқин Шарқдан олиб келишган. Тамплиерларнинг қолдиқлари Франция жанубидан Шимолий Италия монастирларига кўчиб ўтишган бўлса, улар билан бир вақтда муҳожирлар ҳам бош қа томондан кўчиб келишган. Шунингдек, мусулмонлар, туркларнинг босими остида у ерларга Византия аҳолиси бўлмиш греклар, арманлар ҳамда яҳудийлар ҳам оммавий тарзда кўчишган. Ўша даврдаги Византия маданияти эса энг юқори сиёсий соҳаларда ҳисоб-китоб қилиш усули сифатида заҳарлашдан кенг фойдаланишни талаб қилган.

— Шу ўринда муҳожирларсиз Италияни тасаввур қилиш мумкинми, деган савол туғилади.

Қолаверса, наҳотки у ерда заҳар ишлатиш одати бўлмаган бўлса?

— Бўлганда қандоқ! Турли хил маданиятларни ўзида ўзлаштирган қадимги Римда албатта, заҳарга ҳам “фахрли” ўрин ажратилган. Шу билан бирга, ўзи ҳам заҳарнинг конига айланган.

Фаразларнинг бирига кўра, Римнинг иккинчи императори Тиберий ўзининг меросхўри — заҳарлардан коллекция йиғишни хуш кўрувчи, асранди набираси Калигула томонидан заҳарланган. Айтишларича, у соатлаб заҳарларни бир-бирига қўшиб, янгидан-янги ҳалокатли турларини яратган. Император эса хоҳлаган одамни истаган пайтида ўлимга ҳукм этиши мумкин эди. Масалан, Калигула навқирон қариндоши Гемеллани фақатгина оғзидан бадбўй ҳид келгани учунгина қатл эттирган.

Бундай ҳолатнинг юз беришига шунингдек, императорнинг назарида Тиберий Гемеллага ҳам худди Калигулага қолдирганчалик мерос қолдирган, деб ўйлагани сабаб бўлган. Баъзида эса кимнидир заҳарлаш учун арзимаган баҳоналар ҳам етарли бўлган. Масалан, Columbus (кабутар) лақабли гладиатор ҳасаднинг қурбонига айланган. Аренадаги кўргазмали жангларда иштирок этишни хуш кўрувчи Калигула ўзидан анча кучли бўлган гладиаторга ҳасад қилиб, унинг жароҳатларига малҳам қўйиш баҳонасида баданини заҳар билан артишни буюради. Мазкур ҳолат келажакда Columbinum номини олган.

Русча усул

— Нима деб ўйлайсиз, юртимизда заҳардан фойдаланиш анъанаси нисбатан кам тарқалган деса бўладими?

— Албатта, йўқ, рус халқи ҳам бундан мустасно эмас. Биласизми, айнан шу масалада биз Италия билан анчагина ўхшашмиз.

Шу боис, уларнинг маданияти ҳамда шунга ўхшаш илдизларини Россияга олиб келган икки оқимни кузатишимиз мумкин. Ва албатта, биринчи навбатда Византияни кўрсатиш мумкин. Улардан биз насронийликни, черков архитектурасини, ранг-тасвирни қабул қилдик, қадимий адабиёт хазиналаридан фойдаланишга муяссар бўлдик. Шу билан бирга, Византиянинг заҳар борасидаги таъсири ҳам кучли бўлган. Шунингдек, сиёсатчиларда заҳар тайёрлаш санъати шу қадар ривожланган эдики, улар ҳатто заҳарланган одам қачон ва қандай ўлишини ҳам аниқ башорат қила олишган. 1067 йилда Ярослав Мудрийнинг набираси княз Ростислав билан айнан шундай ҳолат юз берган.

Ҳозирги Таман ҳудудида жойлашган Тмутаракан шаҳрида ҳукмронлик қилган князнинг Керч бўғозини ҳам ўз назоратида ушлагани Византияга ёқмаган. Хуллас, князнинг ҳузурига Херсондан шаҳар ҳокими(катепан) кириб келган. Уларнинг учрашуви рус йилномасида қуйидагича тасвирланган: “Зиёфат вақтида ҳоким “Княз, мен сен учун ичишни хоҳлайман!” деди. У шу заҳоти “Ичавер!” деб жавоб берди. Меҳмон шу заҳоти ярмини ичиб, қолганини князга узатар экан, бармоғини сездирмай идишда ботириб олди. Тирноғи остидаги оғу зумда ичимликка аралашиб кетди. Бу билан княз етти кундан кечикмай ўлимга ҳукм этилди”.

Бу ХI аср эди. Орадан икки юз йил ўтиб, византияликларникидан қолишмайдиган заҳарлаш усулларини ўзлаштирган мўғуллар пайдо бўлишди. Мўғуллар эса уларни ўз навбатида, заҳарлаш бобида ҳар ким билан бемалол беллаша оладиган хитойликлардан ўрганишган. Улар учун ёқмаган одамни заҳар ёрдамида йўқ қилиш оддий ҳол бўлиб, заҳарлар ҳам шунга яраша хилма-хил бўлган. Масалан, Александр Невскийнинг отаси княз Ярослав Всеволодовични тез таъсир этувчи оғу ёрдамида ҳалок қилишган: “Буюк хоннинг онаси ҳурмат юзасидан ўз қўллари билан унга таом ва ичимлик тутди; у ўз қароргоҳига қайтгач, тоби қочиб, етти кундан кейин вафот этди. Танаси ҳайрон қоларли даражада кўкариб кетганлиги боис ҳамма уни ғирт маст бўлгунча ичиришибди, деб ҳисоблаган”.

Нева жанги қаҳрамонини эса секин таъсир қилувчи оғу билан заҳарлашган. У ҳолсизликни Ордада бўлиб турганида сезган бўлса-да, ўз юртида вафот этган. Айнан шу ҳолат шубҳани қотиллардан узоқлаштириб, ҳамма айбни касалликка тўнкашган. Шунинг ўзи ҳам секин-аста таъсир қилувчи оғунинг нақадар маккорона устунлигини кўрсатиб турибди.

Давоми кейинги сонда

Ғофуржон АЛИМОВ таржимаси