Онам касал… Отамга дори керак

18:00 - 17.08.2021

8

Фирибгар шундай ёлғонлар билан саккиз кишини чув туширди… Бу одамнинг фириблари ҳақида эшитсангиз, бошингиз айланиб кетади.

Собит автомашинасига метан гази қуйдириб, Шаҳрисабздан Китобга кетаётган эди. «Тожмаҳал» тўйхонаси рўпарасида бир йигит қўл кўтариб тўхтатди. Китобга боришини айтиб, машинага ўтирди. Йўловчига кимдир қўнғироқ қилди. У қўнғироққа жавоб бераётганида бирдан суҳбат узилиб қолди.

– Эҳ, заряди ўчиб қолди, – деди у телефонини титкилаб. – Шаҳрисабздаги касалхонадан отамни олиб чиқишим керак эди. Ҳайдовчи машинани шифохона томонга ҳайдади.

– Россиядан укам телефон қилиши керак эди, – деди йўловчи яна безовталаниб. – Пул жўнатган, кодини айтиши керак… Мабодо телефонингизда «телеграм» йўқми?
– Йўқ.
– Телефонингизни бериб туринг, қўнғироқ қилиб олай.

Ҳайдовчи телефонини узатиб, қўли рулда бўлгани боис экран очилиш паролини айтиб турди. Йўловчи кимгадир қўнғироқ қилди. Аммо гаплашмасдан телефонни эгасига қайтариб узатди. Ҳайдовчига шифохона ҳовлисида тўхтаб туришини айтди. Сўнг ичкарига югуриб кириб кетди. Беш дақиқалар вақт ўтиб, яна югуриб чиқди.

– Телефонингизни яна бериб туринг, дўхтирга чиқишим керак эди…

– Узр, беролмайман, танимаган одамга қандай қилиб ишонаман мен? – ҳайдовчи кўнмай туриб олди.

– Мени ким деб ўйлаяпсиз? – кўзларини лўқ қилиб хафа бўлди йўловчи. – Ҳозир жума намозидан чиқдим…

Ҳайдовчининг ўзи ҳам ҳозир масжиддан чиққанди. Унга ишониб, телефонини узатди. Йўловчи бир муддат телефонда гап лашиб ўтирди-ю, сўнг шифохона ҳовлисига ўтиб кетди. Ҳайдовчи уни анча кутиб қолди. Сўнг шифохонага кирди.

Йўловчи ҳеч қаерда йўқ эди…


Маъруф савдо мажмуаси олдида автомашинасида онасини кутиб турар эди.

Бир йўловчи яқинлашиб, онасининг соғлиғи яхши эмаслигини айтиб, шифохонага олиб боришини илтимос қилди. Ҳайдовчи рози бўлиб, унинг илтимосини бажарди. Йўловчи бировга қўнғироқ қилиб олишини айтиб, Маъруфдан телефонини сўради. Унга ишониб, телефонига ўрнатилган кодни очиб берди. Йўловчи гаплашгандай бўлиб, машинанинг ортига ўтди ва ғойиб бўлди…


Акобирнинг «Нексия»сига ўтирган йўловчи ўзини дорихона раҳбари сифатида таништирди.

– Дўконлардан пул олиб чиқишим керак, – деди бойваччадай керилиб. Шу тарзда бир неча дўконга кириб чиқди.

– Узугингиз зўр экан, – деб қолди бойвачча мижоз ҳайдовчига. – Тақиб кўрсам бўладими? Узукни тақиб кўргач, сотиб олмоқчи бўлди.

– Менга жуда ёқди, – деди узукни қўлида айлантириб кўрар экан. – Фақат ёқтирган қизимга бир кўрсатиб олишим керак. Кўкгумбаз масжиди томонда туради. Бир кўрсатиб келайлик…

«Севгилисига узук кўрсатгани» машинадан тушган бойвачча мижоздан дарак ҳам бўлмади. Акобир қандай қилиб 3 млн. 400 минг сўм турадиган узугини бегона одамга тутқазиб юборгани ҳақида ўйлаб ўйига етолмасди…


Учқун «Нексия»сида Китоб деҳқон бозорига кетаётганди. Банк биноси рўпарасида бир киши қўл кўтарди.
– Шифохонага ҳайданг, – деди нафаси оғзига тиқилгудай ҳовлиқиб. – Отам… ўлаяпти… Дори оборишим керак…

Йўлда у банкда ишлашини, шифохонага тез бориб келмаса, бошлиғи ишдан ҳайдаб юборишини айтиб, ҳайдовчини шошилтирди.

Шифохонага кириб кетган йўловчи қайтиб чиқиб ҳайдовчидан телефонини сўради… Сўнг дорига етмай қолди баҳона билан 50 минг сўм… Йўлда укасидан олиб беришини айтганидан сўнг ҳайдовчи пулни дарҳол чиқариб берди. Икки дақиқада дори олиб чиқишини айт ган мижозини ҳайдовчи жуда узоқ кутиб қолди…


– Қизчамга бўтқа олишим керак, «Янгибозор»гача обориб келинг… Туман электр тармоқлари корхонаси ёнида турган йўловчининг илтимосига Абдулатиф йўқ дея олмади. Ҳайдовчи Китобдаги бозор деб ўйлаган экан, бироқ машинага ўтирган йўловчи Шаҳрисабзга ҳайдашни сўради. Абдулатиф ноилож машинани юргазди.

– Ўзим электр корхонасида ишлайман, – йўл бўйи гурунг берди йўловчи.

– Китоблик Рустам ҳожини эшитганмисиз? Мана шу кишининг ўғли бўламан.

Бир ўғил, бир қизчам бор эди. Ўғилчани худо кўп кўрди. Яқинда вафот этди. Қизчамни бўтқа билан боқаяпман…

Супермаркет ёнида машинадан тушган йўловчи тезда ортига қайтиб келди.
– Доллар бор эди, сўм қилдира олмадим, – деди ҳайдовчига энгашиб.

– 80 минг сўм бериб туринг, йўлда алмашамиз…

Бироздан кейин ҳовлиққанича қайтиб келган йўловчи бу сафар ҳайдовчидан телефонини сўраб олди-ю, бозорга кириб кетди.

Мижозини кутишдан чарчаган Абдулатиф чув тушганини англаганида кеч бўлганди…


Икром турмуш ўртоғи ишлайдиган дўконда ўтирган эди. Бир киши келиб, пластик картасидаги пулини нақд қилиб беришини сўради.
– Ана, банкнинг ёнида банкомат ишлаб турибди, бемалол нақд қилишингиз мумкин, – деди Икром.

Бояги киши бироздан кейин шалвираганнамо қайтиб келди.
– Э, банкомат ишламаётган экан, –b деди асабий. – Машинамни ГАИ ушлаб олди. 350 минг сўм бериб туринг, илтимос… Мана, гаровга телефонимни бераман. Ўчириб бераяпман, қўшиб ётманг…

Икром унга сўраган пулини санаб бериб, телефонни олиб қолди. Қарздордан дарак бўлавермагач, у қолдирган телефонни ёқиб кўрди. Телефоннинг сим картаси йўқ экан…

Инъомжон Оролов, Адҳам Жабборов сингари ҳайдовчилар ҳам шу тариқа нотаниш кишига алданишди…

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида Шавкат Имомовнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, Ш.Имомов 1992 йилда туғилган. Ишсиз. Бўйдоқ. Илгари унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ярашув асосида тугатилган. Шаҳрисабз шаҳрида яшайди.

Судда унинг қилмишларига батафсил ойдинлик киритилди. Фирибгардан жабр кўрганлар етказилган барча зарар қопланганини маълум қилишди. Суд ҳукм қилди. Шавкат Имомовга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Баҳром БЕКБЎТАЕВ,
Шаҳрисабз шаҳар прокурори