Деҳқон бозорида деҳқон борми?

10:30 - 17.08.2021

32

Деҳқон бозорлари азалдан аҳолининг эҳтиёжлари учун хизмат қилувчи маскан сифатида ўз ўрнига эга. Бозорлар қанчалик тўкин-сочин бўлса, нарх-наво ҳам шунчалик ҳамёнбоп бўлади. Бунда айниқса, асл деҳқонлар меҳнати муҳим аҳамият касб этади.

Ҳақиқий деҳқон ҳеч қачон инсофсизлик қилмайди. Бозордаги
нарх-навога қараб, муомалага яраша харидор билан келишиб савдо қилади. Бу эса бозорларимизда мўл-кўлчилик, қут-барака бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, деҳқон бозорларимиз кундан-кунга кўркам, обод масканга айланиб бормоқда. Аслида бу — ерга меҳрини бериб, ўз маҳсулотини бевосита халқимизга етказиб бериш учун меҳнат қилаётган деҳқонларга давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлардир. Аммо бу шароитлардан асл деҳқон фойдаланаяптими?

Афсуски, айни вақтда асл деҳқон бозор расталаридан четда қолмоқда. Деҳқонлар учун яратилаётган шароитлардан олибсотарлар фойдаланаяпти.

Авваллари бозорга ким барвақт келиб, растага маҳсулотини қўйса, ўша жой уники эди. Паттасини тўлаб, кечгача бемалол савдо қилаверарди. Ҳозир-чи деҳқон бозорларидаги ҳар бир растанинг доимий ўз эгаси бор. Қанча барвақт бориб жой олсангиз ҳам эгаси келса, бўшатиб қўйишга мажбурсиз. Бозор маъмурияти ҳам ҳеч қачон деҳқон томон бўлмайди, аксинча олибсотарга ён босади. Оқибатда ҳуқуқи поймол бўлган деҳқон яна ўша растага яқинлашадими? Ҳеч қачон қайтиб бозорга ўзи етиштирган маҳсулотини олиб бормайди. Бозор эшигининг тагида олибсотарларга сотиб, ортига қайтади. Маҳсулот олибсотарга ўтдими, унинг нархи қимматлашиб бораверади.

Бугун бободеҳқоннинг меҳнати натижасида бозорга келган маҳсулотга афсуски, меҳнат қилмаганлар нарх қўйиб сотаяпти. Маҳсулот деҳқондан истеъмолчига етиб боргунча бир нечта қўлдан ўтиб, шунга яраша нархи кўтарилиб бораяпти. Деҳқон тўғридан-тўғри бозорга бормоқчи бўлсин-чи, юқорида таъкидлаганимиздек, пушаймонлар гирдобига ғарқ бўлади.

Мисол тариқасида бир воқеани келтириб ўтаман. Бир неча йил аввал баҳор ойларида томорқамизда етиштирилган сабзини ювиб, ўнта-ўнта қилиб боғлаб, сотишга тайёрладик. Эрта саҳарда онам билан Қўйлиқ деҳқон бозорига олиб келдик. Бозор расталари айтарли бўмбўш. Сабзи сотиладиган расталарнинг бирига жойлашдик. Соат 9-10 лар чамаси битта-битта харидор кела бошлади.

Шу пайтда ортида сабзи юкланган аравани эргаштириб бир аёл келиб, бўйнини чўзиб, ўдағайлаб кетди. Олибсотарлиги шундоқ кўриниб турибди.

Бу ер мени жойим, қани бўшатиб қўйларинг, деди. Мен, ким воҳли келса, раста ўшаники эмасми, дедим. Ука, сен қайси даврда яшаяпсан, ҳозир ҳар битта растанинг ўз эгаси бор, дея растага ёйиб қўйилган сабзиларни пастга олиб ташлади. Жаҳлим чиқиб, аёл билан роса жанжаллашдим. Орада онам қўй, кетамиз, деб бир неча маротаба мени тортқиладилар, унамадим. Шовқинни эшитиб, бозор паттачиси келди.

Юқорида таъкидлаганимдек, у олибсотарга ён босди, жойни бўшатиб беришимни, менга эса бошқа томондан жой қилиб беришини айтди. Рози бўлиб, кетидан эргашдим. У четроққа бошлаб борди ва йўлак четини кўрсатиб, шу ерга қопингизни қўйиб сотаверинг, деди.

Мен нега энди, деҳқон бозорининг расталаридан деҳқонга жой йўқми, дедим. У эса ука, олибсотарлар ҳар куни сотади, 3-4 кундан кейин сенинг маҳсулотинг тугайди, бозорга қайтиб келмайсан, деди. Мен келмасам, бошқа деҳқон келиб сотади, десам, у бозорда ёзилмаган тартиб-қоидалар ўзгариб кетганига анча бўлган, деҳқонлар саҳарда келиб маҳсулотини олибсотарларга ўтказиб кетаверишади, чакана сотмай қўйишган, деди.

Шу куни сабзини ерда ўтириб сотдик. Олибсотарлар онамга, хола, арзон сотаяпсиз, бизни маҳсулот ўтмаяпти, деб бир неча марта эътироз ҳам қилишди. Эртасига онам менга, қўй, ўғлим жанжалга бошинг қоронғими, биз ҳам улгуржи сотиб кетаверайлик, деб чакана сотишга унамадилар. Дарҳақиқат, деҳқоннинг жанжалга тоқати йўқ. Ярим нархига бўлса ҳам тинчгина олибсотарга улгуржи сотиб кетгани тинч бўлиб қолган экан. Паттачи айтганидек, бозорнинг ўз қоидалари бор экан.

Олибсотарларнинг ҳаммасини ҳам инсофсиз дея олмаймиз. Уларнинг орасида ҳам софдиллари бордир. Аммо аксарият олибсотарлар ҳеч қачон деҳқоннинг маҳсулоти нархини тўғри баҳоламайди. Имкони борича ерга уради, айбини қидиришга ҳаракат қилади. Бозордаги нарх-навони билмаган деҳқоннинг эса шўрини қуритиб, учдан бир нархига олишга ҳам уялишмайди. Шу ўринда буюк ватандошимиз имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифдан келтириб ўтмоқчимиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): «Яъни: «Отлиқларнинг олдини тўсиб чиқманглар, шаҳарлик қишлоқликка савдо қилиб бермасин», деган эканлар.

Яъни, олиб-сотарлар бозорга ўз маҳсулотларини олиб келаётганларнинг йўлини тўсиб чиқиб, улардан арзонга олиб, бозорда қимматга сотмасинлар, чунки бозорга келмаган киши нархни билмай адашади. Бозорга келса, нархини билади, деган маънода айтилган.

Яхшиямки, бозорлардаги нарх-наво давлатимиз томонидан назорат қилиб турилади. Акс ҳолда олибсотарлар ўзаро келишиб, бирни ўнга сотишдан ҳам тойишмайди.

Нима учун бозор маъмурияти тушумни санаб ўтиришдан нарига ўтмайди. Жойлардаги фермерлар, деҳқон хўжаликларига маҳсулотини тўғридан-тўғри бозорга келтириб сотиш учун шароит яратиб беришларини тарғибот қилсалар бўлади-ку. Қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинларига бориб, томорқа ер эгалари билан учрашиб, уларга бозордан раста қилиб беришларини, пишиб етилган мева-сабзавотларни тўғридан-тўғри келтириб сотишлари мумкинлигини айтсалар, ҳаммаси бўлмаса ҳам ўнтадан биттаси қизиқиб келади. Деҳқон маҳсулотини бозорда чакана сотишига шароит яратилса, бозорлар яна ҳақиқий эгалари қўлига ўтиши муқаррар.

Давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг май ойида Сергели туманига ташрифи давомида, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва прокуратураси билан ҳамкорликда аҳолини мақбул нархларда озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида пойтахтда «Яшил бозор» дала дўконлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан вилоятлардаги фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишилиб, улар етиштираётган маҳсулотлар «яшил» йўлаклар орқали тўғридан-тўғри, ҳеч қандай тўсиқларсиз ва ўртакашларсиз «Даладан-дастурхонгача» тамойили асосида истеъмолчиларга етказиб берила бошлади.

Наҳотки, мазкур вазифани деҳқон бозорлари маъмурияти ўзи қила олмайди? Қачонгача ҳукумат уларни ниқтаб ишлатиши керак? Қачон бозорлар ҳам ташаббус билан чиқиб, «Даладан-дастурхонгача» тамойилини қўллашга ҳаракат қилади?

Хулоса қиладиган бўлсак, бозор маъмурияти деҳқонга савдо қилиши учун шароит яратса, маҳсулотлар қўлдан-қўлга ўтавермай, истеъмолчига тўғри боради. Бундан нафақат деҳқонларимиз манфаат кўради, балки аҳолимиз ҳам ҳамёнбоп нархлардаги озиқовқат маҳсулотлари билан таъминланади.

Камолиддин АСҚАРОВ,
“Huquq”