Яширин цехдан 12 фуқаро иш топди

12:30 - 17.08.2021

14

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида қилинган ишлар жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўз самарасини кўрсатди. Чунончи, ишбилармонларга амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш борасида амалга оширилган тадбирлар натижасида 348 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Жумладан, Қоракўл туманида яшовчи фуқаро И.Раҳматов яширин ғишт ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, аҳолига 177 млн. сўмлик ғишт маҳсулотларини сотиб, савдодан тушган нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмаганлиги аниқланган. Бошқарма ташаббуси билан унинг фаолияти қонунийлаштирилиб, “Очил бобо ишлаб чиқариш 2021” ХК ташкил этилди. Натижада нақд пул маблағлари банк ҳисобрақамига топширилиб, 12 та янги иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида 17 та жиноят иши қўзғатилиб, уларга етказилган 1,95 млрд. сўмлик зарарнинг тўлиқ ундирилишига эришилди.

Бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, талон-торож қилинишининг олдини олиш борасида 63 та ҳуқуқбузарлик фош этилиб, давлат бюджетига 6,24 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланган. Ҳисобланган зарарнинг 4,33 млрд. сўми ёки 69,4 фоизи маҳаллий бюджетга ундирилди.

Бюджет корхоналари томонидан давлат харидларини амалга оширишда товарларни қиммат нархларда харид қилиш орқали 1,24 млрд. сўмлик маблағлар талон-торож қилинганлиги фош этилиб, шундан 0,84 млрд. сўми ундирилган.

Бюджет маблағларининг талон-торож қилиниш ҳолатлари мактабгача таълим соҳасида юқори эканлиги ачинарли ҳол, албатта. Мисол учун, Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан вилоят Мактабгача таълим бошқармасида 2019-2020 йилларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши аҳволи ўрганилганда, бошқарма мансабдор шахслари кўзбўямачилик учун тендер ўтказиш ва электрон давлат харидлари портали орқали “Salom hayot” ХКдан 11 турдаги маиший техникаларни 432 млн. сўмга қасддан қиммат нархда харид қилиш орқали бюджет маблағларини ўзлаштиргани аниқланган.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш билан боғлиқ 39 та жиноят иши қўзғатилиб, бюджетга қўшимча 89,3 млрд. сўмлик солиқлар ҳисобланди ва 7,4 млрд. сўми ундирилиши таъминланди.

Тараққиёт кушандаси бўлмиш корруциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда корхона ва ташкилотларда департамент ходимлари иштирокида тарғибот тадбирлари, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Коррупция ва мансабдорлик жиноятларига қарши курашиш борасида жами 36 та жиноят аниқланиб, 42 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Фош этилган жиноятларнинг 6 таси таълим соҳасида, 5 таси соғлиқни сақлаш тизимида, 4 таси кадастр, 3 таси ҳокимият тизимида, 2 таси банк соҳасида, 3 таси ер ажратиш ва 13 таси бошқа йўналишларда содир этилган.

Банк-кредит йўналишида суиистеъмолчиликлар ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган таҳлилий ва амалий тадбирлар натижасида 19 та жиноят иши қўзғатилиб, 3,34 млрд. сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилингани фош этилган.

Қўзғатилган жиноят ишларининг 4 таси бевосита банк ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий жиноятлар бўлса, 15 таси тадбиркор ва фуқаролар томонидан давлат дастурлари доирасида ажратилган кредит маблағларини мақсадсиз сарфлаш ва ўзлаштириш билан боғлиқ.

Бозорлар фаолиятини тартибга солиш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш борасида вилоят прокурори томонидан ИИБ, Департамент бошқармаси, ДСБ ва Миллий гвардия вилоят бошқармаси ҳамкорлигида қабул қилинган қўшма фармойиш асосида вилоят деҳқон бозорларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича штаб ташкил қилиниб, ҳудуддаги деҳқон бозорларига 26 нафар тезкор ходим бириктирилган.

Улар томонидан деҳқон бозорларида “Элга хизмат”, “Даладан дастурхонгача” ва “Озиқ-овқат маҳсулотлари” каби арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилиб, уларнинг савдо фаолияти кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.

Вилоят ҳудудида мавжуд 206 та ижтимоий ва 711 та хусусий дорихонанинг барчасига департамент ходимлари бириктирилди. Барча дорихона раҳбарлари дори воситаларига нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилгани аниқланган тақдирда жавобгарлик чоралари кўрилиши тўғрисида расман огоҳлантирилди.

Аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган дори воситалари савдоси билан ноқонуний (давлат рўйхатидан ўтмасдан) шуғулланиш орқали нархларнинг сунъий оширилиши ва танқислик келтириб чиқарилишига қарши курашиш борасида 2 та жиноят ва 13 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, ноқонуний муомаладан 235,6 млн. сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.