Халққа хизмат қилиш — олий шараф

18:00 - 16.08.2021

5

Мамлакатимиз мустақил давлат сифатида дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини эгаллаганига 30 йил тўлмоқда. Энг қутлуғ, энг улуғ мустақиллик куни байрамини ўзгача фахру ифтихор туйғулари билан қарши олаяпмиз. Зеро, тарихан қисқа даврда асрга тенг тараққиёт йўлини босиб ўтдик.

Юртбошимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган талаби асосида давлат бошқаруви, назорат органларининг фаолияти тубдан ўзгарди.

Давлат раҳбаридан ибрат олган ҳолда халқ ичига кириб бориш, муаммоларини ўрганиш, оғирини енгил қилиб одамларнинг розилигини олиш борасида тиним билмай ишлаш, халқимизга астойдил хизмат қилиш фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолди. Янги Ўзбекистонда прокуратура органлари инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат ва жамият манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси, қонун устуворлиги ва адолат қарор топишини таъминловчи тизимга айланди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Фарғона вилояти прокуратураси томонидан қонунийликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ҳамда олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тинмай иш олиб борилди.

Хусусан, соҳаларда ва жойларда қонунийликнинг аҳволи таҳлиллари натижаларига кўра 4754 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилди. 8866 нафар шахс, шу жумладан, 2545 та юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Мансабдорларнинг 3212 та ҳужжатларига протест келтирилиб, қонунга мувофиқлаштирилди. Қонун бузилишига йўл қўйган айбдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 270 та жиноят иши қўзғатилиб, жами 1 млрд. 700 млн. сўм зарар ихтиёрий ундирилди, 9 млрд. 100 млн. сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 633 та даъво аризаси киритилди.

Давлат идоралари раҳбар ва ходимлари халққа хизмат қилишининг ўзига хос ноёб тизими — секторлар фаолияти кутилган самарани бермоқда.

Прокурорлар раҳбар бўлган секторлардаги 251 та маҳалланинг 175 753 та хонадонида 891 420 киши истиқомат қилади. Аҳолининг муаммоларини ҳал қилиш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, унда белгиланган барча масалалар ҳал қилиниб, ижроси тўлиқ таъминланди.

Хусусан, асосий эътиборимизни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг бандлиги ва даромадга эга бўлишларини таъминлашга қаратдик. Прокурорлар секторларида “Темир дафтар”га киритилган оилаларга 14 млрд. 100 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилиб, 15 мингдан ошиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Аёллар дафтарига киритилган хотин-қизлар билан тизимли ишлар олиб борилди. 11 166 нафар хотин-қизларнинг муаммоси ҳал этилиб, рўйхатдан чиқарилиши таъминланди. Шунингдек, бу борадаги ишларимизни қайтадан кўриб чиқиш мақсадида жорий йилнинг июнь-июль ойларида хотин-қизлар қайта хатловдан ўтказилди, “Аёллар дафтари” янгитдан шакллантирилди. Ҳозирда 12 285 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаб, рўйхатдан чиқариш борасида иш олиб борилаяпти.

“Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга, иқтисодий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож ҳамда ишсиз бўлган 17 601 нафар ёшларнинг 16 526 нафари ёки 91 фоизининг муаммолари ҳал этилиб, рўйхатдан чиқарилди. Шунингдек, 2-секторлардаги ёш тадбиркорлар фаолиятидаги муаммоларни ҳал этиш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш жараёнида янги иш ўринлари яратилиб, 2 591 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.

Президентимизнинг ташаббуси билан ғалладан бўшаган ер майдонлари аҳолига ажратиб берилиб, қишлоқдаги ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланаяпти, такрорий экин экиб фойдаланиш имконияти ҳавола этилаяпти. Хусусан, прокурорлар секторида 53 083 нафар фуқарога ғалладан бўшаган 10 742 гектар экин майдони ажратиб берилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 2-секторларда фаолият олиб бораётган тадбиркорларга кам таъминланган оилалардаги 1227 нафар ишсиз ёшлар бириктирилди.

Ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида Фурқат туманида “Уста Муҳаммадали наққош” дурадгорлик мактабининг маркази қурилмоқда. Марказ қурилишига маҳаллий бюджетдан 6 млрд. 200 млн. сўм ажратилди. Унда устоз-шогирд анъаналари асосида 1500 нафар ёшларимизнинг бандлиги таъминланади.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, хусусан, спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратилмоқда. Спортнинг футбол, стол тенниси, кураш, енгил атлетика ва бошқа турлари бўйича “Прокурор кубоги” мусобақаларида 24 мингдан зиёд ёшлар иштирок этишди. Ғолиблар муносиб тақдирланди.

Айни пайтда мактабгача ва ўрта таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий муҳитини яхшилаш, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Хусусан, вилоятда давлат ва хусусий мактабгача таълим ташкилотлари сони ортиб бормоқда. 2844 та мактабгача таълим муассасаларида 213 597 нафар ёки 3-7 ёшдаги болаларнинг 70,4 фоизи тарбияланмоқда. Тадбиркорлар томонидан давлат-хусусий шериклик асосида янги болалар боғчалари ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, прокурорларимиз ташаббуси ва кўмаги билан кўплаб мактаб, мактабгача таълим муассасалари, маҳалла йиғини бинолари, эҳтиёжмандлар учун уй-жойлар ҳашар қилиб, ҳомийлик асосида қуриб берилди. Хусусан, Бағдод туманида прокурор секторидаги 57-сонли умумтаълим мактаби биноси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган чин етим, уй-жойга муҳтож фуқаролар учун ҳомийлик маблағлари жалб қилинган ҳолда Қўқон ва Фарғона шаҳарларидаги 80 та ва 60 та хонадонли турар жой бинолари қурилиши якунига етказилмоқда.

Тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш соҳасида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 1956 нафар ишбилармоннинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилиш жараёнида тадбиркорларнинг 145 нафарига 15 млрд. 600 млн. сўм кредит олиб берилиши, 88 нафарига ишлаб чиқариш ва фаолиятни кенгайтириш учун қурилишга 22 гектар ер майдони, 4 нафарига бино ажратилиши, шунингдек, 111 нафарига электр, газ ва сув муаммолари ҳал қилиниши, лицензия ва бошқа рухсатномалар берилишида, 355 та бошқа масалаларнинг ҳал этилишида амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳал этиб борилиши баробарида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи билвосита шароит ва омиллар бартараф этилмоқда. Вилоятдаги барча маҳалла ва туманлар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилган ҳолда жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш ишлари тизимли йўлга қўйилди. Сариқ ва қизил тоифадаги маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида профилактика тадбирлари ўтказилиши алоҳида назоратга олинмоқда.

Жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган ва шарт-шароит яратиб бераётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш мақсадида прокурорлар томонидан вилоятдаги маҳаллаларда жойлашган турар жой ва нотурар жой биноларга, кўча ва хонадонларга ўрнатилган кузатув камералари инвентаризациядан ўтказилди. Натижаларига кўра уларни янгилаш ва қўшимча ўрнатиш зарурати борлиги аниқланиб, 8385 та янги камералар ўрнатилиши таъминланди.

Янги қабул қилинаётган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, қонунчиликка киритилган ўзгартириш ҳамда қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ижрочилар ҳамда аҳолига етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билими, ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини ошириш фаолиятимизнинг яна бир муҳим йўналишларидандир. Бу борада бевосита мулоқот тарзида, интернет тармоғи, радио ва телевидение ҳамда матбуотда чиқишлар қилиниб, 5200 та тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Мурожаатларни ҳудудлар ҳамда соҳалардаги ютуқ ва камчиликларнинг акс садосига қиёслаш ўринли. Амалдаги қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир мурожаатга индивидуал ёндашилмоқда.

Айниқса, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиб, муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда ўтказилган сайёр қабулларимизда 5 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаати тингланиб, муаммолари ҳал этилиши таъминланди. Ўтган даврда келиб тушган 18 мингта мурожаатнинг 11 мингдан зиёди бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилди. Уларнинг 7478 таси бўйича қонун талаблари тушунтирилди, 3880 таси қаноатлантирилиб, 3581 кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Сайёр қабуллардаги юзма-юз мулоқотларда кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиши жараёнида юртдошларимизнинг Давлат раҳбари олиб бораётган халқчил сиёсатдан мамнун бўлаётгани бизга қўшимча иштиёқ бағишламоқда, эл-юртимизга янада астойдил хизмат қилишга ундамоқда.

Бахтиёр ИСМОИЛОВ,
Фарғона вилояти прокурори