От билан туя бермади, аммо…

16:30 - 16.08.2021

6

Ражаббой Тоиров илгари судланган бўлса-да, яна жиноят кўчасига қадам қўйди. Номини «яхшилик», «ҳожатбарорлик» деб атагани ортида аслида бироз бўлса-да ўзининг манфаати бўлган ишга қўл урди.

У 2020 йил 27 январь куни ўз хизмат вазифасини бажариб турган Бухоро вилояти ИИБ инспектори А.Ҳодиевнинг хонасига таклиф билан кирди.

– Хўп десангиз, шу… кузови ундай, рақами бундай деб ўтирманг. Қоғозларниям йиғиштириб қўйинг. Ҳужжатлаштириб ўтирманг. Жияннинг машинасини жарима майдонидан чиқартириб беринг. Албатта қуруқ қўймаймиз.

– Сиз нималар деяпсиз?

– Мен сизни тушунаман. От билан туя бермайман, 200 минг сўм атаганимизни…

Виждонли кишига бундай таклиф оғир ботади. Чунки ҳаракати жиноят эканлигини билиб туриб қонун посбонини жиноятга етакламоқчи бўлди.

Пора олган ҳам, берган ҳам, ўртада воситачилик қилган ҳам қонун олдида жавоб беради.

Бухоро  вилояти прокуратураси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Р.Тоиров қариндоши Д.Эрдонов билан бирга унга тегишли бўлган «Ford-d» русумли, 85 К 182 GA давлат рақам белгили автотранспортга янги давлат рақами бериб, автотранспортни жарима майдонидан чиқариб бериши эвазига вилоят ИИБ инспектори А.Ҳодиевга 200 минг сўм пулни пора сифатида берган пайтида ашёвий далил билан ушланди.

Суд Р.Тоировга икки йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.