Қонун устувор мамлакатда одамлар бахтли яшайди

14:30 - 16.08.2021

4

Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини юртдошларимизнинг ҳаёт сифати кундан-кунга яхшиланаётгани мисолида кўриб турибмиз. Маҳаллабай ва хонадонбай тамойили асосида олиб борилаётган чора-тадбирлар аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» давлат дастурлари ҳам қатор муаммолар ечимига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Хоразм вилоятида ушбу дастурлар ижросини таъминлашга алоҳида масъулият билан ёндашилмоқда. Жумладан, мазкур дастурларга киритилган маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, бозор инфратузилма объектларини қуриш, кўчаларни таъмирлаш, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, пиёдалар йўлакчалари қуриш, электр, газ, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, ирригация ва мелиорация тизимларини тозалаш ва реконструкция қилиш, жамоат транспортини яхшилаш, бекатлар қуриш ишлари амалга оширилмокда. 2021 йилнинг ўтган даврида ушбу дастурлар доирасида вилоятда ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 328 километр ичимлик суви тармоқлари ҳамда 6 та ичимлик суви иншоотлари қурилиб, бу мақсадлар учун 50 миллиард сўм сарфланган.

Ички йўлларни яхшилаш учун 404 километр йўлларда ишлар бошланган. Жумладан, 346 километр тупроқли йўлларга шағал, 57 километр йўлларга асфальт ётқизилди, 333 километр электр узатиш тармоғида қурилиш ва таъмирлаш, 157 дона трансформаторни янгидан қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Туман марказлари тобора чирой очаётгани маҳаллий аҳолининг қувончига сабаб бўлмоқда. Ўтган даврда 19 километр узунликдаги пиёдалар, 17 километр велосипед йўлакларида қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилди.

Ушбу дас турлар доирасида газ таъминоти, алоқа ва ахборотлаштириш тизимини, транспорт инфратузилмасини, чиқиндилар билан ишлаш тизимини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш, маҳалла ва маданият объект ларида, маҳалла ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилди.

Давлат дастурлари ижросини таъминлашда қонун устуворлиги асосий вазифадир. Албатта, масаланинг бу жиҳати ҳам эътибордан четда эмас. Прокуратура органлари томонидан ўз вақтида назорат тадбирлари амалга оширилиб, қонун бузилиши ҳолатлари бартараф қилинмоқда. Мақсад — халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлардан одамлар рози бўлсин. Жумладан, ўтказилган назорат тадбирлари давомида 736 миллион сўмлик сифатсиз қурилиш-таъмирлаш ишлари аниқланиб, 402 та ёзма кўрсатмалар бериш орқали 620 миллион сўмлик ишлар сифатли қилиб бажарилиши таъминланди. Иш ҳажмларининг ҳаққонийлиги ўрганилганда эса 534 миллион сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланиб, жойида бартараф қилинди.

Янгиланишларда тадбиркорларимизнинг ҳам ҳиссалари катта бўлаётир. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида вилоят прокуратураси органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳудудий ишбилармонларнинг ўз ваколатлари доирасида юрт ободлигига муносиб ҳисса қўшиш имкониятларини оширмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 850 та тадбиркорлик субъектидан 410 тасига қиймати 29 миллиард сўмлик кредит маблағи, 31 тасига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 56 гектар ер майдони, 6 нафарига бино ажратилишида, 117 тасига коммуникация тармоқларига уланишида, 58 тасига лицензия ва рухсатнома расмийлаштирилишида ҳамда 288 тасига бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада 79 нафар тадбиркорнинг фаолияти қайта тикланди, 151 та тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилди ва уларда жами 270 та янги иш ўрни яратилишига эришилди. Янги иш ўрни яратилди дегани — бу бир оиланинг иқтисодий муаммоларига ечим топилди дегани.

Кейинги йилларда амалга оширилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати натижасида ҳар бир оила давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигини ҳис қилмоқда. Прокуратура органлари томонидан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эъти бор қаратилмоқда. Кейинги бир йилда прокурорлар ташаббуси билан 9 та оилага уй-жой қуриб берилди, 30 та оиланинг уй-жойлари таъмирланди. Прокурор секторидаги “Темир дафтар”га киритилган 5051 нафар шахснинг бандлиги таъминланди, “Аёллар дафтари”га киритилган 13 194 нафар хотин-қизларнинг муаммоси ҳал қилинди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 11461 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланишига ҳам эришилди.

Бу жараёнда ёшлар таълим-тарбияси учун шароитларни янада яхшилашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, прокурорлар секторларидаги 3 та умумтаълим мактаблари ва 2 та мактабгача таълим ташкилотларида ҳомийлик асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Умуман, прокуратура органлари томонидан болаларнинг
мактабгача таълимга қамровини ошириш юзасидан ҳам муайян чоралар кўрилмоқда. Бу борада қонун устуворлиги назорат қилинмоқда. Таҳлиллар болаларнинг мактабгача таълимга қамровини оширишда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ўрни катталигини кўрсатди. 2019 йил 1 январь ҳолатига 3-7 ёшдаги 143 мингдан ортиқ болаларнинг 31 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган бўлса, жорий йил бошида 61 фоизга етган. 2019-2020 йилларда 846 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил қилинди.

Таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этишни тарғиб қилиш, истак билдирган ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятини бошлаш учун амалий ёрдам кўрсатиш устуворлиги белгиланди. Шу мақсадда вилоят прокуратураси ташаббуси билан мутасадди ташкилотлар ўртасида қўшма қарор имзоланди. Мазкур қарор асосида жорий йилнинг май июнь ойларида 197 та, 6 ой давомида 277 нафар тадбиркорлар билан мактабгача таълим вазирлиги ўртасида битимлар имзоланишига эришилди. Бунинг натижасида 6925 нафар тарбияланувчи мактабгача таълимга қамраб олиниб, 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бу иш ўринларига асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар жалб қилинмоқда.

Вилоят прокуратураси ва Департамент органларида фаолият кўрсатаётган 200 нафар малакали ходим 330 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 546 та умумтаълим мактабларига “Ҳуқуқий амалий ёрдамчи” сифатида бириктирилган эди. Ушбу фаолият йўлга қўйилганидан буён қисқа даврда 500 дан ортиқ муаммолар аниқланиб, улардан 330 дан ортиғи бартараф қилинди.

Бугунги кунда прокуратура органлари томонидан давлат дастурлари ижросини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш, ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш юзасидан таъсирчан чоралар кўрилмоқда. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури асосида тадбирларга комплекс тарзда ёндашилмоқда. “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида жойларда “5000 қадам” спорт машғулоти ҳамда футбол, волейбол, кураш, стол тенниси, шахмат-шашка мусобақалари ташкил қилинмоқда. “Меҳнат ярмаркалари” ташкил этиш асосида уюшмаган ёшлар бандлиги таъминланмоқда. “Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” шиори остида бепул тиббий кўриклар йўлга қўйилди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Ботир КУДРАТХОДЖАЕВ,
Хоразм вилояти прокурори