Атмосферада зарарли моддалар ҳажми ортган

10:30 - 16.08.2021

20

Навоий вилояти прокуратураси томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тизимли таҳлиллар ўтказилиб, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Ҳисоботларга кўра, 2020 йилда мазкур соҳада 2 767 та ҳуқуқбузарлик содир этилиб, олдинги йилга нисбатан 1 398 тага, шундан атмосфера ҳавосини ифлослантириш билан боғлиқ ҳолатлар 213 тага ошган.

Саноат соҳасида йил давомида атмосфера ҳавосига чиқарилган зарарли моддалар ҳажми 51,6 минг тоннани ташкил қилиб, олдинги даврларга нисбатан қарийб 3,7 минг тоннага ортган.

Бу эса, ўз навбатида фуқаролардан келиб тушаётган шикоятларнинг кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда (2019 йилда 157 та, 2020 йилда 173 та). Атмосфера ҳавосига чиқариладиган заҳарли моддалар таркибида азот, углерод оксидлари, углеводород ва ис гази мавжуд бўлиб, улар аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, вилоятда тери-таносил касалликлари 1 394 тага, кўз касалликлари 735 тага, пневмония 241 тага, ўсма касалликлари 224 тага ва ўткир респиратор касалликлар 7 тага  кўпайган.

Таҳлилларга кўра, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли моддаларнинг салмоқли қисми вилоятдаги 144 та саноат корхонаси фаолиятига тўғри келиб, улар томонидан биргина 2020 йилда 5 минг тоннадан ортиқ чиқинди чиқарилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу корхоналар фаолияти чуқур таҳлил қилиниб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун манзилли ишлар ташкил қилинди.

Ўрганишларда уларнинг 128 тасида чиқинди контейнери етишмаслиги, 112 тасида зарарсизлантирувчи қурилма (фильтр) ўрнатилмаган ёки таъмирланмаганлиги, 103 тасида экологик хизмат ташкил этилмаганлиги, 100 тасида чиқиндилар хавфлилик синфи бўйича жойлаштирилмаганлиги, 60 тасида экспертиза хулосаси олинмаганлиги, 34 тасида чиқиндилар утилизация қилинмаганлиги ва 5 тасида олиб чиқилмаганлиги аниқланди.

Камчиликларни бартараф этиш мақсадида вилоят прокуратураси томонидан 2021 йил 6 январда корхона раҳбарлари иштирокида семинар-конференция ўтказилди ва қонун талаблари тушунтирилиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Натижасига кўра Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва вилоят ҳокимлигининг “Навоий вилоятида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори ва экология соҳасида мавжуд муаммолар ечими юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Фаолиятида камчилик аниқланган корхоналарнинг 5 тасидаги чиқиндилар олиб чиқилди, 34 тасида утилизация қилинди, 100 тасида хавфлилик синфи бўйича жойлаштирилиши йўлга қўйилди, 128 тасида қўшимча контейнерлар ўрнатилди, 4 тасидаги зарарсизлантирувчи қурилма таъмирланди, 17 тасида янги ўрнатилди, 60 тасининг экспертиза хулосалари расмийлаштирилди.

Таҳлиллар, атмосферага чиқадиган чанг ва газни зарарсизлантирувчи қурилмалар хорижий корхона (мутахассис)лар томонидан ишлаб чиқарилиши ва нархининг қимматлиги (100 млн. дан 400 млн. сўмгача) аксарият корхоналарда қурилма ўрнатилмаслигига сабаб бўлаётганини кўрсатди. Ушбу муаммонинг ечими бўйича Навоий давлат кончилик институти профессорлари жалб қилинган ҳолда илмий изланишлар олиб борилиб, қурилмаларни вилоятнинг ўзида ишлаб чиқариш юзасидан лойиҳа тайёрланди. Айни дамда 4 та корхонада (“Навоий КМК” ДКга қарашли ГМЗ-1, ГМЗ-3, ГМЗ-4, Маржонбулоқ олтинни бойитиш фабрикаси) шу лойиҳа асосида тайёрланган қурилмалар ўрнатилиб, самарали фойдаланилмоқда. Қолганларига ҳам тўлиқ ўрнатиш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 286-cон қарори билан тасдиқланган “Ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги намунавий Низомда саноат корхоналарида экологик хизмат ташкил этилиши белгилангани ҳолда, вилоятдаги 103 та корхонада бундай тузилма мавжуд эмаслиги аниқланди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг барчасида экологик хизматлар ташкил этилиб, яратилган иш ўринларига мазкур соҳада махсус билим ва тажрибага эга 103 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди. 

Шунингдек, бюджетга ундирилмасдан қолган 313,7 млн. сўм компенсация ва 9,2 млн. сўм пеня тўловларининг тўлиқ ундирилиши таъминланди.