Қотилнинг жазоси янада оғирлаштирилди…

18:00 - 13.08.2021

11

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида спиртли ичимлик таъсирида оғир жиноятга қўл урган шахсга нисбатан жазо белгиланди.

Ёши элликдан ошган Икромжон Ғофуров 2020 йил 16 ноябрь куни соат 21:00 да уйида турмуш ўртоғининг акаси, яъни қайнакаси Р.Мамаюнусов билан оқидан симириб ўтиришганди. Шу пайт И.Ғофуровнинг турмуш ўртоғи О.Ғофурова эрининг айбларини акасига айтиб, уни бу йўлдан қайтариб олмоқчи бўлади. Аслида маст одамлар ўртасида бундай муаммони ҳал этиш пайти эмасди. Хуллас, О.Ғофурова уларнинг ёнига кириб, турмуш ўртоғи хиёнат қилаётганини акасига айтади. Жигарининг номусига зид иш қилаётган куёвининг қилиқларидан ғазаби қўзиган Р.Мамаюнусов И.Ғофуровга ўдағайлаб кетади. Спиртли ичимлик таъсирига тушиб бўлган одамга насиҳат ёқармиди. Оқибатда икки эркак ўзаро тортишиб, жанжаллашиб кетади.

Айниқса, Р.Мамаюнусов ўзини-ўзи ҳимоя қила олмайдиган даражага келиб қолганди. Бу эса Икромжонга қўл келади. Дастлаб хонтахта устида турган ароқ шишаси билан унинг бошига уради. Р.Мамаюнусов зарбдан гандираклаб йиқилгач эса, ўша ерда турган ошхона пичоғини унга аёвсиз тиқиб, жароҳатлайди. Оқибатда қайнака воқеа жойида жон таслим қилади.

Кўзи қонга тўлган И.Ғофуров бу билан чекланмайди. Энди у турмуш ўртоғига тиш қайрайди. О.Ғофурова қанча ҳаракат қилмасин эри унга ташланмасидан аввал хонадан қочиб кета олмайди. И.Ғофуров аёлини ҳам қўлидаги пичоғи билан ўта шафқатсизларча жароҳатлаётган пайтида хотини амаллаб ҳовлига қочиб чиқишга муваффақ бўлади. Шунинг учун ҳам унинг жони омон қолади.

Марҳумга тайинланган судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, Р.Мамаюнусов куёви томонидан пичоқ билан берилган оғир тан жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмгани маълум бўлди.

Аввал судланмаган Икромжон ўзига келганида мудҳиш жиноятга қўл урганини англади. Энди кеч, надомат чекишдан эса фойда йўқ. Суд мажлиси якунига етиб, ҳукм эълон қилинди. И.Ғофуров оз эмас, 18 йил умрини сим тўрлар ортида ўтказишга мажбур.

Юқорида ичкилик ва унинг оқибатлари  тўғрисида қисқача тўхталган эдик. Мастлик ҳолатида жиноят содир этган шахсларнинг аксарияти ўша пайтда спиртли ичимлик таъсирида эдим, ҳаракатларимни бошқара олмай қолдим, дея айбларини хаспўшлашга уринишади. Шуни эсдан чиқармаслик лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 56-моддасида мастлик ҳолатида жиноят содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қайд этилган. Демак, маст ҳолатда жиноят содир қилганлар оғирроқ жазога тортилиши тайин.