Олти ойда прокуратурага нечта мурожаат келди?

12:30 - 13.08.2021

12

Прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг ўтган олти ойида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этишда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда Бош прокурорнинг “Мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги буйруғи талабларига риоя этилиши аҳволи таҳлил қилинди.

Таҳлилларга кўра прокуратура органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ҳамда мурожаатларнинг кўриб чиқилишини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Келиб тушган мурожаатлар сони 273 433 тани ташкил этди.

Мурожаатларнинг 140 338 таси бевосита прокуратура органларида ҳал этилиб, кўрилган чоралар натижасида 22 947 нафар шахснинг ҳуқуқлари прокурорлар томонидан тикланган.

Прокуратура органлари ходимлари томонидан республика бўйича 156 976 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинган. Шундан 55 563 нафари жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари шахсан прокурорлар ҳамда 37 106 нафари прокурор ўринбосарлари қабулида бўлган.  Шу билан бирга, 50 736 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари сайёр ва оммавий қабулларда, 38 нафари видеоконференцалоқа воситалари орқали қабул қилинган.

Бош прокуратура раҳбарияти ва ходимлари томонидан 16 102 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари назоратга олинган ҳамда қонуний ҳал этилиши таъминланган.

Прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига веб-сайт, ишонч телефони ҳамда Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали йўлланган мурожаатларнинг кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилган. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал ва Халқ қабулхоналаридан (pm.gov.uz) прокуратура органларига 57 751 мурожаат келиб тушган ва 48 991 таси қонуний ҳал этилган.

Хусусан, мурожаатларни кўриб чиқиш натижасига кўра, 741 та протест, 227 та тақдимнома, 629 та огоҳлантирув қўлланилиб, 609 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 208 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, 7,1 млрд. сўмдан ортиқ етказилган зарарнинг ихтиёрий ундирилиши таъминланиб, судларга зарарни ундиришга доир 66,1 млрд. сўмлик 428 та ариза киритилган.