Тадбиркор электр тармоғига улана олмаган эди…

18:00 - 12.08.2021

7

Тўрткўл тумани прокуратураси томонидан тадбиркорларнинг ҳимоясини ишончли таъминлашга қаратилган тизимли тадбирлар натижасида йил бошидан ҳудуддаги 134 та тадбиркорлик субъектига амалий ёрдам кўрсатилди.

Таъкидлаш лозимки, банк кредити ва ер майдонлари ажратиш, коммуникация тармоқларига уланиш, лицензия ва рухсатнома расмийлаштириш каби қатор масалаларда кўрсатилган амалий ёрдам самараси ўлароқ ҳудудда 14 та тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилди ва 89 та янги иш ўрни яратилди. Масалан, “Тўрткўлли Улуғбек-Ҳожиакбар” оилавий корхонаси раҳбари прокуратурага қилган мурожаатида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ускуна ва жиҳозлар сотиб олишда амалий ёрдам сўради. Тадбиркорга 70 млн. сўм кредит ажратилиши таъминланди.

Бундан ташқари, туман прокуратураси якка тадбиркор С.Камалованинг мурожаатини ҳам ижобий ҳал қилди. Яъни, унинг янгидан ташкил этаётган нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасининг электр тармоғига уланишида кўмаклашилди.

Туман прокурори масъул бўлган 2-сектор ҳудудидаги “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида меҳнатга лаёқатли хонадон аъзоларини ҳудуддаги ҳунармандларга бириктириш амалиёти йўлга қўйилган. Айни кунга қадар 14 нафар ёш ҳамда 22 нафар аёл иш билан таъминланди. 

Шунингдек, бу каби тадбирлар давомида ногиронлиги бўлган фуқаро Х.Қўчқоровга прокуратура ёрдами билан дурадгорлик фаолиятини бошлаши учун 30 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди. Оғир турмуш шароитига тушиб қолган 71 та оилага субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди. Бугунги кунда фуқаролар иссиқхонадан фойдаланиб, етиштирган маҳсулотларини халқимиз дастурхонига етказиб бериш билан бирга, ўз даромадларига ҳам эга бўлмоқдалар.