Самарқанд прокурори ғалвирни сувдан кўтарди

16:00 - 12.08.2021

11

Самарқанд вилояти прокурори Равшан Машарипов раислигида прокуратура органларининг 2021 йил 1-ярмидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифаларни белгилаш бўйича кенгайтирилган ҳайъат мажлиси йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳудудда ўтган даврда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида кўрилган чоралар натижасида 5 мингдан ортиқ прокурор назорат ҳужжати қўлланилди, 1653 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.

Прокурорларнинг қарори ва тақдимномаси асосида 2930 нафар шахс интизомий, маъмурий, моддий жавобгарликка тортилди, ноқонуний қарорларга нисбатан 1693 та протест келтирилди ҳамда судларга 13,2 млрд. сўмлик 652 та даъво аризаси киритилди.

Ўтказилган текширув ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 36,4 млрд. сўмлик зарарнинг ундирилиши ҳамда маҳаллий бюджетга тушиши таъминланди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 211 та жиноят иши қўзғатилди.

Мажлисда вилоят прокурори томонидан фаолиятда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар қайд этилиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Ҳайъат мажлисида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.