Мактабни ўзгартирмасдан жамиятни ўзгартириб бўлмайди

16:00 - 11.08.2021

10

Маориф масаласи ҳеч қачон долзарблигини йўқотмаган. Чунки ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти таълим-тарбия тизимига боғлиқ.Аслида ҳар бир ўқитувчининг тафаккур ва хаёллари миллий бўлсагина у таълим-тарбия берган ўқувчиларда ҳам миллий руҳ, маънавий иммунитет шаклланади.

Жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактабдан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир.

Шу боис авлод таълим-тарбияси, камолотида ғоят муҳим ўрин тутувчи муаллимларни эъзозлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ота-оналар ва жамоатчиликнинг истак лари инобатга олиниб, юртимизда ўн бир йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баравар оширилди. Кейинги йилларда ҳам уларнинг иш ҳақини ошириб бориш кўзда тутилмоқда. Узоқ туманларга бориб ишлаётган ўқитувчиларга 50 фоизгача ойлик устама тўланмоқда. Мактаб ўқитувчилари рағбатлантирилаётгани боис илгари мактабдан олган маоши эвазига рўзғорини тебратолмасдан бошқа ишнинг бошини тутиб кетган кўплаб эркак ўқитувчилар халқ таълими тизимига қайтди.

Мактаб таълимига шунчалик эътибор берилаётганига қарамай нега ҳалигача ўқувчилар турли фанлардан репетиторларга қатнаяпти? Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси берган маълумотга кўра юртимизда бугунги кунда 1535 та ўқув маркази фаолият юритмоқда. Шундан 923 таси кадрлар малакасини оширишга, 612 таси эса абитуриентларни олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тайёрлашга йўналтирилган.

Ўқув марказларида айнан мактаб дастури кучайтирилган, чуқурлаштирилган ҳолда ўтилади, холос. Битта фанга ўртача 400 минг сўм сарфлаган абитуриент камида иккита мутахассислик фанидан тайёрланади. У ойига 800 минг сўмдан тўлаб, етти-саккиз ой тайёрланишини ҳисобласак, еб-ичиши, кийиниши ва бошқа харажатларидан ташқари, жами олти миллион сўм сарфлайди. Якунда абитуриент бюджет асосида ўқишга кирса, майли, контракт асосида қабул қилинса ёки имтиҳондан йиқилса-чи?

Олдингдан оққан сув нега беқадр?

– Бугунги кунда мактабларда ёшларнинг таҳсил олиши учун барча шароит яратилган, – дейди Чироқчи туманидаги 3-мактабнинг ўқитувчиси Манзура Лутфуллаева.

– Хусусан, бизнинг мактабда ҳам дарсларнинг замонавий таълим стандартлари асосида олиб борилиши ўқувчиларимизнинг олий ўқув юртларида таҳсилни давом эттириши учун муҳим аҳамият касб этади. Бироқ олий ўқув юртларига ўқишга киришга тайёрланиш учун аксарият ёшлар репетиторга мурожаат этади, билимларини мустаҳкамлаш учун дарсдан сўнг қўшимча машғулотларга қатнашади. Бу яхши, албатта. Чунки илм ўрганишнинг ёмон жойи йўқ. Лекин ҳамма нарсанинг меъёри бор.

Ўқувчи аввало ўзи таълим олаётган мактаб ё лицейда дарсларга тўлиқ қатнашиши, фанларни мукаммал ўрганиши лозим. Аммо репетиторга қатнайдиган ўқувчининг дарсларда иштирок этишида узилишлар бўлиши ачинарли ҳол. 2020/2021-ўқув йилида мен бир битирувчи синфга раҳбар эдим. Ўз тажрибамдан олиб айтсам, эрталаб дарсга келган ўқувчи икки соатдан сўнг кетаманга тушади. «Қаерга?» десангиз, «репетиторга» дейди. Рухсат бермасангиз, «пул тўлаганман, боришим керак» деб оёқ тираб туриб олади. Ваҳоланки, бола астойдил билим оламан деса, мактабда ҳам имконият бор. Мактабда ҳам ўз касбининг фидойилари сабоқ беради. Бироқ негадир шууримизга репетиторга қатнамаса, ўқишга кириб бўлмайди деган фикр ўрнашиб қолган. Шу сабабми, айнан репетитор масаласида ота-она ва мактаб маъмурияти ўртасида баъзи муаммолар юзага келмоқда.

Ҳақли савол туғилади. Бугун мактаб ё лицейларда муаллимлар етарлича билим бера олмайдими? Билим бера олади, албатта. Аслида ўша репетитор ўқитувчи ҳам қайсидир лицей ёки мактабда ишлайди. Ачинарлиси, улар ўз билимларини тоифага бўлиб олишган. Мактабда бошқа дастур, уйда бошқа. Ўқувчининг қўшимча билим олишига ҳеч ким қаршилик қилмайди, албатта. Аммо бир илмни эгаллаш учун бошқасидан воз кечилса, унда ўқувчи қандай манфаат кўради?! Репетиторга пул сарфлаб, бепул таълим тизимини писанд қилмаслик олдингдан оққан сувнинг қадрига етмаслик билан баробар.

Таълим сифати паст бўлган ерда репетиторлар фаолияти ривожланади деган гап бор. Келажакда университетда ўқийман деган бола борки, репетиторга қатнайди.

Нега бизда мактабда олинган билим билан синовдан ўтиб бўлмайди? Қачонгача фарзандларимиз қўшимча таълим берувчиларга эҳтиёж сезади? Демак, бу соҳада ҳамон анча-мунча муаммолар қалашиб
ётганини инкор қилиб бўлмас экан-да?!

Аслида ҳолат шу даражага келишига жамият, мактаб, ота-она, қўйингки, барчамиз айбдормиз. «Эти сизники, суяги бизники» нақли китобларда қолиб кетди. Сўнгги йилларда ўқитувчилар дарс тайёрламай келган ўқувчиларга танбеҳ беришга, ҳатто уларни чертишга ҳам қўрқиб қолди.

Ота-оналар фарзандининг тарафини олиб мактабга югуриб бораверишади. Оқибатда баъзи мактабларда китоб ўқимайдиган, ўн бир йил давомида қўлига газета-журнал ушламайдиган, бемақсад, дарсга нима учун келиб-кетаётганини билмайдиган ўқувчилар пайдо бўлаяпти. Болаларда мутолаага муҳаббат уйғотиш вақти аллақачон келган.

Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий «Туркистон болаларини маърифатсиз қолдирманглар» дея васият қилган экан. Бу илтижо халқ таълими мутасаддиларининг, қолаверса, ҳар биримизнинг қулоғимиз тагида жаранглаб туриши керак. Бир донишманд айтганидек, фарзандларимиз учун нондан сўнг энг муҳими мактаб бўлмоғи лозим. Мамлакатимизда ўзининг мустақил фикрига эга бўлган, бу мураккаб дунёда тенглар ичра тенг яшай оладиган авлодни тарбиялаш бош вазифага айланмоғи даркор.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»