SHOMOU – Италия матбуоти ўзбек йигити ҳақида бонг урмоқда!

10:30 - 11.08.2021

11

Ниҳоят 3 август куни “Рома” клуби расман Элдор Шомуродовнинг трансферини эълон қилди.

“26 ёшли Элдор Шомуродов 17,5 млн. евро эвазига “Рома” клубига ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси 5 йиллик, яъни 2026 йилнинг 30 июнига қадар давом этувчи шартномани имзолади. Битим таркибида яхши ўйин кўрсатгани учун бонуслар ҳам бор. Бундан ташқари, “Женоа” клуби футболчининг кейинги трансферидан маълум миқдорда фойда кўради», – дейилади клуб баёнотида.

Охирги пайтларда нафақат ўзимизда, балки хорижий ОАВда ҳам “Рома” ва Шомуродов мавзуси асосий ўринга чиқди. Айниқса, Россия ва Италияда бу ҳақида тинмасдан маълумотлар бериб бориляпти. Албатта, ўзбек ўғлонининг муваффақияти ҳақида эшитиш ёқимли.

Ўзбекистонлик йигитнинг “Рома” клубига ўтиши Италиядаги ОАВ вакилларининг ҳам диққат-марказида бўлиб турибди. Жумладан, Римда нашр этиладиган “Il Romanista” фаол тарзда Шомуродовнинг ҳар бир қадамини синчковлик билан кузатяпти ва шунга яраша ёритиб боряпти. Мазкур нашрни кузатар эканмиз, куни кеча италиялик журналистлар “Il Romanista”нинг асосий муқовасига Шомуродовнинг Моуриньо билан бирга тушган суратини жойлади. Бу ҳақда Sports.uz маълумот берди.

Италиялик журналистлар сарлавҳа қўйишда ҳам анча қизиқ вариантни танлаганлар. Улар Шомуродов ва Моуриньо сўзидан дастлабки ҳарфларини ишлатган ҳолда “SHOMOU” дея ном берган. Бу шунчаки ажойиб!

Ҳамюртимиз янги жамоасида 14-рақам остидан тўп тепадиган бўлди. Элдорнинг агенти Герман Ткаченко Россиянинг “Спорт Экспресс” нашрига берган интервьюсида журналистнинг “Четдан қараганда бу эртакка ўхшайди: оддийгина ўзбек йигити топ-клубда” деган саволига “Шомуродовнинг “Рома”га ўтиши – эртак эмас. Бу 90 фоиз Элдорнинг машаққатли меҳнати ва қобилияти, қолган 10 фоиз эса биз шунчаки ўз ишимизни сифатли бажардик”, деб жавоб қилган. Албатта, меҳнатдан қочмаган, ўз устида тинимсиз ишлаган, мақсади сари дадил ҳаракат қилган одам кам бўлмайди. Буни Шомуродов мисолида ҳам кўриб турибмиз. Элдор клуб сайтида жамоа ҳақидаги дастлабки фикрлари билан ўртоқлашди.

“Менинг фаолиятимда “Рома” клубига кўчиб ўтишим олдинга ташланган катта қадам деб ҳисоблайман. Бу жамоада ўзимни кўрсатиш учун бор имкониятимни ишга соламан. “Рома” – бу жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган катта клуб! Бундай жамоада тўп суришни хоҳлаганим учун ҳам келишув жуда тез рўй берди. Мен “Рома”нинг аъзосига айланган эканман, энди менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Умид қиламанки, мураббий ва янги жамоадошларим билан тез тил топишиб кетаман”.