Жабрланувчилар қонунбузарни кечирди

12:00 - 10.08.2021

4

Ярашув институти эҳтиётсизлик оқибатида, шунингдек қасддан жиноят қилган, айбига иқрор ва қилмишидан пушаймон бўлган кишиларга жазога тортилмасдан тузалиш йўлига ўтиш имконини бермоқда. Жиноят кодексининг қирқдан зиёд моддасида кўзда тутилган жиноятлардан бири содир этилганда, айбдор иқрор бўлиб жабрланувчи билан ярашган бўлса, суд айблилик масаласини ҳал қилмасдан ишни тугатиш ҳақида ажрим чиқариши мумкин. Ярашилгани муносабати жиноят ишини тугатиш амалиётда кенг қўлланаяпти.

2020 йил октябрь ойининг ўрталарида Фарғона шаҳрининг Юксалиш кўчаси билан кичик ҳалқа йўли кесишган чорраҳада «Жигули» ва «Нексия» русумли автомобиллар тўқнашиб, ҳайдовчиларнинг ўзлари ва машинадаги  йўловчилар жароҳат олишган. Воқеа жойини кўздан кечириш, дастлабки тергов мобайнида «Жигули» ҳайдовчиси Ф.А. йўл ҳаракати қоидаларининг чорраҳадан ташқари жойда чапга бурилиш ёки қайрилиб олаётиб қарама-қарши йўналишда келаётган транспортларга йўл бериши шартлиги, ўнг томондан яқинлашиб келаётган транспортга йўл бериши лозимлиги, иккинчи даражали йўлда ҳаракатланаётган транспортнинг ҳайдовчиси асосий йўлдан яқинлашаётган транспортга унинг кейинги йўналишидан қатъи назар йўл бериши шартлиги ҳақидаги талабларини қўпол равишда бузгани аниқланган. Яъни қарама-қарши томондан келаётган транспортни ўтказиб юбормасдан чапга кескин бурилиши натижасида Б.Х. бошқарувидаги «Нексия» автомашинаси унга урилган.

Айбига иқрор бўлган ва қилмишидан надомат чеккан Ф.А. шифохонага қатнаб, жабрланганларнинг даволаниши учун зарур дориларни етказиб бериб турган. Шу билан бирга шикастланган «Нексия»ни таъмирлаш харажатини тўлиқ қоплаган. Судланувчи судга ариза бериб айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчиларга етказилган зарарни бартараф этиб, улар билан ярашиб олгани сабабли иш юритишни тўхтатишни сўради. Шунингдек, «Нексия» ҳайдовчиси Б.Х. ҳамда уч нафар йўловчи судга берган аризасида судланувчи етказилган зарарни қоплагани, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ўз ихтиёрлари билан ярашиб олишганини баён этишган. Ишни кўрмасдан тугатишни сўрашган.

Суд судланувчи ва жабрланувчиларнинг аризаларини ўрганиб чиқиб, прокурорнинг жиноят ишини ярашув асосида тугатиш ҳақидаги фикрини,  судланувчининг айбига тўлиқ иқрорлиги ва етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини, судланувчи ва жабрланганлар ҳеч бир тайзиқсиз ярашиб олганларини инобатга олган ҳолда жиноят ишини тугатиш ҳақида ажрим чиқарди.