Вакцинация — ягона чора

15:00 - 09.08.2021

14

Яқин 10 йилларгача қутулиш имконсизлиги башорат қилинаётган коронаинқироздан халос бўлишнинг ягона йўли сифатида дунёда эмлаш усули кўрсатилмоқда. Ўтган ҳафтада юртимизда хориждан бир неча марта вакциналар келтирилди. 3 миллион 60 доза Moderna вакцинаси АҚШ томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури доирасида беғараз кўмак тариқасида ажратилгани маълум қилинди.

Аммо одамлар орасида вакциналаш жараёнига нисбатан турли қарама-қарши фикрлар мавжуд. Эмланишни бефойда, ҳатто зарарли деб биладиганлар учрамоқда. Ҳатто кимки вакцина олса, у “чиплаштирилган одам”га айланиши ёки бепушт бўлиб қолиши ҳақидаги уйдирмаларга ишонадиганлар ҳам топилади. Аммо айнан вакциналар сабаб инсоният жуда катта фалокатларни енггани, ўлатлардан омон чиққанини ҳеч ким инкор этолмайди.

XIX асргача дунё шифокорлари кенг тарқалган ва тез-тез такрорланиб турадиган йирик эпидемияларга қарши курашда ожиз эдилар. Бундай ўлатлар туфайли йилига минг-минглаб одамларнинг ёстиғи қурир, юқумли касаллик тобора авжига чиқарди. Чечак — ана шундай иллатлардан бири эди: ҳар йили шу дард дунё бўйича миллионлаб одамларни домига тортар, касалланганларнинг кўпчилиги ҳаётдан кўз юмар, соғайганларнинг аксарияти ногиронга айланиб қоларди. Чечак XVIII аср Европа мамлакатларида умумий ўлим кўрсаткичининг 20 фоизини ташкил қилган. Шу боис айнан чечак учун профилактика методларини қўллаш талаб қилинган.

Қадим замонлардан бери бир нарса аён эди, яъни чечак билан оғриганлар бошқа бу дардга чалинишмасди. Мана шу ҳолат бир нарсага — вакцинацияга туртки берди: кейинчалик чечак туфайли оғир оқибатларга тушиб қолмаслик учун шу касалликка чалиниш ва уни енгил ўтказиб юбориш ҳақида бош қотирила бошланди. Биринчи марта Ҳиндистон ва Хитойда эмлаш амалиётига уриниб кўрилган.

Кейинчалик илм-фан ривожи, тиббий тадқиқотлар туфайли вакциналаш борасида улкан муваффақиятларга эришилган. Шу тариқа инсоният ХХ асрда кўплаб хавфли юқумли касалликлар устидан мутлақ ғалаба қозонган.

Бугунги мураккаб ва оғир даврда коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун кўплаб давлатлар ва йирик фармацевтика компаниялари томонидан бир нечта вакциналар яратилиб, фуқароларни эмлаш орқали пандемияни жиловлашга эришилмоқда. Дунё бўйича ихтиёрий эмлашлар самарасиз қолгач эса кўплаб мамлакатлар бу жараённи мажбурий равишда амалга оширишни маъқул кўраётир. Аммо одамлар орасида вакциналарга ишончсизлик билан қараш, эмланишни бефойда, ҳатто зарарли деб биладиганлар ҳам бор. Аммо вакцина ковиддан сақлай олмайди, дейиш нотўғри. Эмланганлар касалланиши мумкин ва бу нормал ҳолат. Ҳаммаси инсоннинг иммун тизими хоссаларига ва популяцион иммунитетга боғлиқ. Унутмаслик керакки, ҳар қандай ҳолатда ҳам вакцинация ҳимоя беради.

Вакцина насл қолдириш тизимига салбий таъсир этиши, бепуштликка олиб бориши мумкин, деган уйдирмалар туфайли “эмлатмайман” дегувчилар ҳам бор. Ачинарлиси, эмлашнинг фойдаси ҳақидаги эмас, зарарлари ҳақидаги ёлғон-яшиқ маълумотларга лаққа тушадиганлар мутахассислардан жавоб олиб ўтиришмайди. Аслида ҳам вакцина бепуштликка олиб келадими?

Вакцинани одамларда қўллашни бошлашдан олдин, клиник синовларда аввал унинг хавфсизлиги ва иммуногенлиги ўрганилади. Эмбрионга таъсир қилиш ва мутация чақириш қобилияти, яъни эмбриотоксиклиги ва тератогенлиги ҳам ўрганилади. Ҳозирда қўлланаётган вакциналарнинг ҳеч бирида эмбриотоксиклик ва тератогенлик хоссалари аниқланмаган. Дарвоқе, коронавирусга қарши вакцина бепуштликка олиб бормаслиги 100 фоиз исботланган.

Касалликка қарши эмлаш у билан курашишнинг энг самарали усули экани тобора ойдинлашиб бормоқда. Мутахассисларнинг кузатишларига кўра, коронавирусга қарши эмлаш амалиёти шундан далолат берадики, нафақат эмланганлар касалликдан ҳимояланади, балки вакцинация сабабли ушбу ҳудудларда вируснинг айланиши ҳам камаяди. Мазкур жараёнга бефарқ қараш, илмий асосланмаган маълумотлар билан кишиларни чалғитиш эса нафақат ўзимиз, балки яқинларимиз саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдиради.