Салор бўйларидаги қинғир ишлар

17:30 - 30.07.2021

15

«Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун ижроси, сув иншоотларининг муҳофаза зоналаридан фойдаланилиши ўрганилганда мазкур зоналарда Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан 51 та ноқонуний қурилма қурилгани, 18 та ҳолатда чиқиндиларга оид қонун нормалари бузилгани аниқланди.

Салор каналининг Зангиота ва Янгийўл туманларидан оқиб ўтувчи қисмларида юридик ва жисмоний шахслар 32 та ноқонуний қурилма қургани, 18 та ҳолатда каналга чиқинди ташлангани аниқланиб, 13 киши маъмурий жавобгарликка тортилган, 11 киши огоҳлантирилган.

«Табиатни муҳофаза қилиш туғрисида»ги қонун ижроси Бекобод, Оҳангарон шаҳарлари, Бекобод, Бўстонлиқ, Оҳангарон, Қибрай, Юқоричирчиқ ва Тошкент туманларининг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияларида ўрганилиб, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 5 та тақдимнома киритилди. Ноқонуний қарорларга нисбатан 48 та протест келтирилди, 9 нафар мансабдорга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, 150 млн. сўм товон пулини ундириш юзасидан судларга 3 та ариза киритилди.

«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун ижроси бўйича ўтказилган назорат тадбирларида дарахтлар ноқонуний кесилган ҳолатлар аниқланиб, 4 та жиноят иши қўзғатилган.

«Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун ижроси Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Янгийўл туманларида ўрганлиб, натижасига кўра ноқонуний ҳужжатларга 49 та протест келтирилган, 4 нафар мансабдор маъмурий жавобгарликка, 6 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.