“Тоғам дадамнинг дўсти эди-ку”

15:00 - 30.07.2021

14

Ичкилик оқибатида ҳаёти издан чиққан, оиласи барбод бўлган инсонларни кўп. Ачинарлиси, аксарият қотилликлар айнан спиртли ичимликлар таъсирида содир бўлади.

Тупроққалъалик Ж.А. ҳам маст ҳолатда ўз қайноғасининг ўлимига сабабчи бўлди. Аслида икки йигит болаликдан дўст эди. Синовли кунларнинг бирида унинг дўсти, қайноғаси М.Б. аёли билан ажрашди ва. Ж.А.нинг Тупроққалъадаги ижара уйига келиб яшай бошлади. Иш топилса бориб ишлашар, топган пулига харажат қилиб бирга ейишар, бир-бирларига далда бўлиб келишарди. Бир куни Ж.А.нинг турмуш ўртоғи тунги навбатчиликка ишга кетди. Фарзандларини меҳмонга жўнатди. Қайин-куёв бир яйраб ўтирмоқчи бўлишди. Ж.А. таниши Ф.Я. исмли аёлни уйига таклиф қилди. Шундоқ ҳам бир литрча ароқ ичилган хонадонга аёл билан яна ароқ, товуқ ва бошқа егуликлар олиб келишди. Шунда М.Б. ёлғизликдан қийналиб кетганини айтиб, Ф.Я.дан танишлари бўлса чақиришни сўради. Ф.Я. дугонаси С.Х.га қўнғироқ қилиб, зиёфатга чақирди. С.Х. келгач, яна ароқ олиб келинди. Ҳамма маст бўлиб қолган, зиёфат авжига чиқди. Соат миллари тунги бирдан ошганда М.Б. қўйган мусиқа Ж.А.га ёқмай, ўчиришни сўради. «Тошингни тер, менга шу ёқаяпти», деди М.Б. У бўлди, бу бўлдию қайноға-куёв жанжаллашиб кетишди. Ж.А. ўйланиб ўтирмай шу ерда турган пичоқни қайноғасига тиқиб олди. Хонадонда қий-чув кўтарилди. Ж.А. нима қилиб қўйганини англагандай бўлди. «Тез ёрдам»га, ИИБга қўнғироқ қилди. Аммо энди кеч эди. М.Б. ҳаётдан кўз юмганди.

Спиртли ичимликларга муккасидан кетиш, ҳаром-ҳариш турмуш кечириш яхшиликка олиб келмаган. Ж.А. 33 ёшида суднинг қора курсисига ўтирди. Икки фарзанди энди ота меҳрисиз улғайишга мажбур. “Тоғам дадамнинг дўсти  эди-ку”, дея бир умр ўкиниб ўтсалар керак…