“Ўғлим ва қизим бор, улар мени ташлаб кетишди…”

13:30 - 30.07.2021

16

Жиззах вилояти прокуратураси хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёж ва қизиқишларини ўрганиб бормоқда. Жумладан, Жиззах вилояти зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишининг олдини олиш марказида вақтинча яшаётган 8 нафар аёлнинг муаммоси ҳал этилмай тургани аниқланди.

Масалан, 1958 йилда туғилган С.Р. маиший зўравонликдан жабр кўргани, бошпанасиз ва қариндошлар қаровисиз қолгани, бир қизи ва бир ўғли ташлаб кетгани туфайли 2019 йил 15 августда вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан марказга жойлаштирилган. Вилоят прокуратурасининг аралашуви билан С.Р. Жиззах шаҳридаги маҳаллалардан бирида вақтинча рўйхатга олинди ва унга ёшга доир пенсия тайинланди.

Шунингдек, марказда 2004 йилда туғилган С.А. билан психологлар иштирокида суҳбатлашилиб, турли тренинглар ўтказилиши натижасида унинг руҳиятида ижобий ўзгаришлар бошланди. С.А. мактабнинг 11-синфида онлайн ўқитилиши йўлга қўйилди, унинг мусиқага қизиқиши инобатга олиниб, Жиззах шаҳри 2-мусиқа мактабидаги тўгаракка жалб қилинди.

Бундан ташқари, марказда яшаётган бир нечта аёл билан суҳбат ўтказилиб, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, руҳий ва тиббий ёрдам кўрсатилди. Уларни «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритиш, уй билан таъминлаш, оилавий келишмовчиликларини бартараф қилиш, ижтимоий-руҳий ва тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича вилоят ҳокими номига ахборот ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига тақдимнома киритилди.

Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан марказда вилоят ахборот-кутубхона маркази билан кўчма кутубхона шартномаси тузилиши таъминланди ва 100 та китоб келтирилди.