Қонун ижроси билан кучли

15:30 - 29.07.2021

15

Суд ёки бошқа орган ҳужжатларининг қонунда белгиланган тартибда ижро қилиниши жисмоний ва юридик шахларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда асосий омиллардан ҳисобланади. Мазкур ҳужжатлар бажарилмаса, бунинг ортидан қанчадан-қанча фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол бўлиши мумкин.

2021 йил 26 март куни Мажбурий ижро бюроси Қонликўл тумани бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг «Қонликўл агросервис МТП» МЧЖдан 28 та ходимнинг 88,7 млн. сўм иш ҳақи ва 194 млн. сўм солиқ қарзини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари келиб тушган. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида жамиятга дастлаб суд буйруғини ихтиёрий бажариш учун муддат берилган. Аммо жамият талабни бажармаган. Шундан сўнг корхонанинг ҳисобрақамига инкассо топшириғи қўйилиб, жамиятга тегишли автотеххизмат биноси хатланган ва аукционга қўйилган. Натижада жамиятнинг ҳисобрақамидан 88,7 млн. сўм иш ҳақи ундирилиб, ходимларнинг пластик картасига ўтказилиб берилган.

Яна бир мисол. Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг буйруғига асосан Б.Камоловдан Н.Жугинисовага уч фарзандининг таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланган. Ижро ҳаракатлари давомида Б.Камолов бир неча марта огоҳлантирилган. Аммо ота уч ой алимент тўламаган ва қарзи 6 млн. сўмга етган. Шу сабабли давлат ижрочиси уни судга бериш учун ҳужжат тўпланаётганда ота собиқ турмуш ўртоғи тарбиясида қолган фарзандлари учун алимент ўрнига ўз уйини бериш истагини билдирган ва уйини уларга расмийлаштириб берган.

Бюронинг Шуманай тумани бўлимига Қўнғирот туманлараро иқтисодий судининг «Қурилиш сервис Шуманай» МЧЖдан «Проф строй» МЧЖга 53 млн. 398 минг 900 сўм қарз, пеня, бож ва почта харажатини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг барча ҳисобрақамларига банд солинган ва натижада жамиятдан қарз тўлиқ ундирилган.

Ушбу ҳаракатларнинг барчаси жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.