Аппеляция шикояти

13:00 - 29.07.2021

205

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 4-моддасига кўра ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ё низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат этишга ҳақли. Амалиётда одамлар қонуннинг моҳиятини тўлиқ тушунмагани ёки низолашаётган ишлар бўйича қабул қилинган суд қарорлари устидан ўз вақтида шикоят қилмаслиги турли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Жорий йил 12 январь куни «Суд қарорларини қайта кўриш институти
такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди. Шу жумладан, суд қарорлари устидан шикоят (протест) келтириш муддати ва тартибига ўзгартириш киритилди.

Эски қоидага кўра биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан йигирма кун ичида апелляция ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида кассация шикояти берилиши мумкинлиги ҳақидаги норма амалиётда ҳужжат масалаларида турли эътирозларга сабаб бўлар эди. Чунки апелляция шикоятини беришнинг ўтказиб юборилган муддати илтимосномага асосан апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан, кассация инстанциясида эса ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилган ва суд томонидан шикоят бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин эди.

Эндиликда вилоят суди ва унга тенглаштирилган судларда ягона апелляция инстанцияси фаолият юритиб, апелляция шикояти ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши, ушбу муддат ўтказиб юборилган тақдирда, шикоят бераётган шахснинг илтимосномасига асосан апелляция инстанцияси суди томонидан муддатни ўтказиб юбориш сабаблари узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги қатъий белгиланди (МСИЮТКнинг 203-моддаси). Яъни, муддатни узрли деб топиш ва уни тиклаш ҳақидаги илтимоснома бериш учун белгиланган муддатлар бекор қилинди.

Кассация шикояти эса апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан кейин бир йил ичида берилиши мумкин (илгари қарор қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой ичида берилар эди).

Кассация муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома эса кассация муддати ўтган кундан бошлаб уч ой ичида берилади.

Бундан ташқари, кодексга киритилган 2481-моддага асосан Олий судда кассация тартибида кўрилган ишларни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза кассация шикояти бериш муддатида, ушбу муддат тугаган тақдирда қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида берилиши мумкин бўлади. Ушбу муддатлар ўтганидан кейин берилган ариза кўриб чиқилмайди.

Афсуски, амалиётда ўзининг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини тиклаш масаласида ушбу муддатларга амал қилмаслик оқибатида шикоят аризалари қаноатлантирилмаяпти.

Мисол учун фуқаро Х.Саломов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) апелляция инстанциясининг қарори билан Поп тумани маъмурий судининг Поп тумани ҳокимининг 2018 йил 6 апрелдаги 780-қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги Д.Давроновнинг аризасини қаноатлантириш бўйича 2019 йил 6 мартда қабул қилинган ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилганидан норози бўлиб, шикоят қилган.

Суд апелляция шикояти билан танишиб чиқиб, Х.Саломов учинчи шахс сифатида суд мажлисида қатнашгани ва ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилганида хабардор бўлгани, суд томонидан шикоят қилиш тартиби ва муддатлари қарорда тушунтирилгани ҳолда 2021 йил январь ойида, яъни орадан икки йилга яқин вақт ўтганидан сўнг шикоят қилиб, апелляция шикоятини бериш муддатини узрли сабабсиз ўтказиб юборгани туфайли 2021 йил 28 январда апелляция шикоятини қабул қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарган.

Ажримдан норози бўлиб берилган кассация шикояти 2021 йил 23 апрелда Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, Наманган вилояти маъмурий судининг 2021 йил 28 январдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Юқоридагиларга кўра фуқаролар ўзининг ҳуқуқи бузилган ёки низолашаётган ишлар бўйича суд қарорларига эътирози бўлса, қонунда белгиланган муддатда шикоят қилиши фойдадан холи бўлмайди деб ҳисоблайман.

Хасан ЛАТИПОВ,
Бош прокуратура бошқарма прокурори