Чанқаган ҳолда автомобиль бошқариш хавфли

10:30 - 29.07.2021

14

Британиялик олимлар ўтказган тадқиқотларда чанқаган ҳолда автомобиль бошқариш хавфли экани аниқланди – суюқликнинг етишмаслиги ҳайдовчининг диққатини жамлашига халақит бериб, хато қилишига сабаб бўлади. Умуман олганда организмнинг сувсизланиши спиртли ичимлик ичгандек таъсир кўрсатади – ҳайдовчи паришон ва бепарво бўлиб қолади, деб ёзмоқда «Daryo.uz».

Маълумки, алкоголь когнитив функцияларга қаттиқ таъсир кўрсатади, шу сабабли автомобилни маст ҳолда бошқариш жуда хавфли ва қонунга зид. Чанқаган ҳолда машина бошқариш ҳақида эса ҳеч ким сўрамайди, аммо Британиянинг «Leasing Options» компанияси тадқиқотларига кўра, бу ҳам катта хатарни юзага келтиради. Ҳатто бироз чанқоғи бор ҳайдовчи ҳам рулда диққатини йўқотиб, қатор хатоларга йўл қўяди. Бу компьютер симуляторда автомобиль бошқарган 11 нафар эркак иштирокидаги тадқиқотда тасдиқланган.

Уларнинг ҳар бири уч сеансдан иборат машина бошқарувида иштирок этган, биринчиси – таништирув, қолган иккитаси – автомобилни икки соат виртуал бошқариш.

Ҳолатларнинг бирида ҳайдовчи мунтазам сув ичган, иккинчисида бу имкониятдан маҳрум этилган. Мия фаоллигини махсус датчиклар кузатиб борган. Натижанинг кўрсатишича, чанқоқ вақтида ҳайдовчи қоидабузарликларга кўп йўл қўяди – асосан қўшни йўлакка ўтиб кетади ёки жуда кеч тормоз босади. Тадқиқот хулосасида рул бошқараётганда мунтазам суюқлик ичиш тавсия этилган.