Субсидиянинг озгина “харажати”

13:00 - 28.07.2021

22

Халқимизда ишонч деган юксак тушунча бор. Уни оқлаш учун катта меҳнат талаб қилинади. Бой бериш учун эса ташланган биттагина нотўғри қадам кифоя.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва Гурлан тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда мансабдор шахснинг порахўрлиги юзага чиқди.

Яъни ўтказилган тадбирда Янгибозор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Ш.Г. субсидия тариқасида давлат бюджетидан ажратилган пулдан шу тумандаги ишлаб чиқариш кооперативига 122,5 млн. сўм пул бергани эвазига кооператив раҳбари Н.К.дан 10 млн. сўм пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Албатта, порахўрликни касб қилган ҳеч бир шахс жазосиз қолиб кетмайди. Пора берганга ҳам, пора олганга ҳам, воситачилик қилганга ҳам қонуний жазо муқаррар. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилаяпти.