Америкаликнинг машмашали ҳовлиси

13:00 - 26.07.2021

10

Марҳабо Хонқулова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) пенсияда, оқу қорани англаган, лекин ўз манфаати йўлида ҳеч нимадан тап тортмайдиган аёл.

Самарқанд шаҳар Амир Темур кўчасидаги, турмуш ўртоғининг қариндоши, АҚШ фуқароси Б.Аҳмадзоданинг таъсисчилигида қўшма штатларда рўйхатдан ўтказилган «Universal imports incorporated» фирмасига тегишли бўлган 40-уйда қариндошининг рухсати билан 1993 йилдан 2005 йилгача турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан, 2005 йилдан 2016 йилгача фарзандлари билан яшади.

2016 йилга келиб фирма раҳбари вафот этган бўлса-да, унинг бир нечта фарзанди борлигини яхши билган аёл улар келмасидан уйга эгалик ҳуқуқини белгилаб олиш пайига тушади. Кейин уни бошқа шахсларга сотиб юборишни режалаштиради.

Марҳабо Хонқулованинг шериги олий маълумотли ҳуқуқшунос эди. У уй сотилгач тегадиган улушдан умидвор бўлиб аёлга уйга эгалик ҳуқуқини олишда йўл-йўриқ кўрсатиб туради. Уйнинг ҳақиқий эгаси Б.Аҳмадзода 2002 йилда вафот этган. Шундан сўнг 2010, 2011, 2015 йилларда унинг фарзандлари бир неча марта Самарқанд шаҳрига келиб, отасининг фирмасига тегишли уйдан хабар олиб туришган.

Марҳабо Хонқулова уйга эгалик ҳуқуқини белгилаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат қилади. Уйнинг қонуний меросхўрлари борлигини суддан яширади. Уйда 26 йилдан бери яшаб келаётганини, уйга даъво қилувчи бошқа шахслар йўқлигини айтиб, 40-уйга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақида суднинг 2016 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори чиқарилишига эришади. Шундан сўнг уйга харидор излай бошлайди. Бироқ уйни сотиш учун турмуш ўртоғининг розилиги керак эди. Марҳабо Хонқулова 2005 йилдан бери эр-хотин сифатида бирга яшамаётган, лекин қонуний тартибда ажрашмаган эри билан ўрталаридаги никоҳни бекор қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат қилади. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан никоҳ бекор қилинади.

Уйга ўзини ягона мулкдор деб топиш ҳақида судга қайтадан мурожаат этади. Уйни қайнонасининг қариндошларидан ўзи сотиб олгани ҳақида ёлғонларни важ қилиб, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг ушбу уйга Марҳабо Хонқуловани ягона мулкдор деб топиш ҳақидаги ҳал қилув қарорини чиқартиришга эришади.

Кўп ўтмай уйга харидор топилади. Уйни Акбар Ботаев исмли харидорга 200 минг АҚШ долларига сотади. Уйни ўзаро келишувга кўра Акбар Ботаевнинг қайнонасининг номига нотариал тартибда расмийлаштириб беради.

Кейинги сафар уйдан хабар олгани келган меросхўрлар воқеадан хабар топиб, Марҳабо Хонқуловани излашди. Орада қанча гап-сўз, тортишувлар фойда бермагач, судга мурожаат қилишди. 

Суд мажлисида гувоҳ сифатида қатнашган меросхўрларнинг ишончли вакилининг кўрсатуви: «Н.Аҳмадзоданинг ишончли вакили бўламан. Н.Аҳмадзоданинг отаси Б.Аҳмадзода асли самарқандлик бўлиб, айрим сабабларга кўра 1980-йилларда Америкага кўчиб кетган ва АҚШ фуқаролигини олган. Б.Аҳмадзода қариган чоғида ватанига қайтиб келиб, бу ерда қариндошлари билан алоқада бўлиб туради. 1993 йилда Б.Аҳмадзода АҚШда «Юниверсал импортс ИНК» компаниясини ташкил қилиб, Самарқанд шаҳри Амир Темур кўчасидаги 40-уйни қонуний асосда сотиб олиб, компания фаолиятини амалга оширган. У АҚШга кетишидан олдин қариндоши Фарҳод ва унинг турмуш ўртоғи Марҳабога яшашга уйлари бўлмагани учун шу уйда вақтинча яшаб туришларига рухсат беради. Шу тариқа Марҳабо Хонқулова фарзандлари билан шу уйда яшаб келган. Б.Аҳмадзода Самарқандга келган пайтлари уйи ва қариндошларидан хабар олиб турган. 2002 йилда Б.Аҳмадзода вафот этганидан сўнг унинг ишлари билан ўғли шуғулланади. Б.Аҳмадзоданинг қизи ва яна бир ўғли келиб-кетиб туради. 2016 йилга келиб эса самарқандлик танишларидан Марҳабо Хонқулова уйни сотувга қўйгани ҳақида эшитади. Марҳабога алоқага чиққанида аёл уйни сотмаётганини, ижарага бериш ҳақида эълон берганини айтиб, ишонтиради. 2018 йилга келиб ҳақиқатан уйни бировга сотганини билади. Шу йил ноябрь ойида Самарқандга келиб, бўлиб ўтган ишлар юзасидан судга ариза беради.

Суд натижасига кўра Марҳабо Хонқулованинг уйга эгалик қилиши ҳақидаги суд қарорлари бекор қилиниб, уйнинг олди-сотди шартномаси ҳам ҳақиқий эмас деб топилди. Уларни уйдан чиқариш бўйича қарор чиқарилиб, ижрога қаратилди».

Шунингдек, судда уйни сотиб олган Акбар Ботаев уйдан чиқарилгач, 200 доллар зарарни ундириб беришни ва судланувчиларга нисбатан қонуний чора кўришни сўради.

Суд ҳукми билан Марҳабо Хонқулова 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Марҳабо Хонқуловадан жабрланувчи Акбар Ботаевга 200 минг АҚШ долларига тенг 2 млрд. 98 млн. 13 минг сўм моддий зарарни ундириш белгиланди.