“Ўғлингизни ўқишга киритишга ёрдам бераман…”

17:30 - 26.07.2021

17

Санжар (исмлар ўзгартирилган) бир неча йилдан бери «Қалқон жасорат мактаби»да ўқитувчи бўлиб ишлайди. Нодавлат таълим муассасасига тегишли 5 та мактаб бор, уларда 2-синфдан 9-синфгача бўлган ўқувчиларга ҳарбий таълим берилади.

Зокир ҳам Самарқанд шаҳридаги нодавлат таълим муассасасида бош мураббий бўлиб ишлайди. Бир куни у туман филиалида ишловчи таниши Санжарга телефон қилиб, 9-синфни битирган ўқувчилар орасида лицейга ўқишга киришни хоҳловчилари бор-йўқлигини сўради. Ички ишлар вазирлиги қошидаги академик лицейга ўқишга киритиб қўйиши мумкинлигини айтди. Санжар харажатини сўради, “Минг доллар”, – деди Зокир.

Шундан кейин Санжар шаҳардаги лицейда ўқиш истагида юрганларни излади. Бир куни бир ўқувчисининг отаси Шербекни чақириб:

— Ўғлингизни Ички ишлар вазирлиги қошидаги лицейга ўқишга киритсангиз, ёрдам берадиган одам бор, – деди. Шербек “ёрдам”нинг нархини сўради.

— 1000 доллар.

– Бунча беролмайман, шароитим йўқ.

Кейин Санжар таниши Зокирнинг телефон рақамини бериб ўзи билан гаплашиб кўришини айтди. Шундан сўнг Шербек бир неча марта Зокир билан гаплашиб, 800 долларга туширди. Нафсига қул бўлган Зокир «бу пулнинг барини ўзим олмайман, бошқаларга ҳам беришим керак» деб авради. Шербекнинг жаҳли чиқди. Ўз манфаати йўлида ҳеч нимадан тап тортмайдиган бу кимсалар устидан департаментга арз қилди. Ходимлар ариза юзасидан тадбир уюштиришди. Шербек Зокир билан гаплашиб, унга 700 доллар бера олишини айтди. Зокир келишилган жойда Шербекдан 700 доллар олган пайти ушланди.

Суд ҳукми билан судланувчиларга 3 йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолинадиган бўлди.